Залужнийнинг истеъфоси Зеленский учун хавф туғдирди — ОАВ
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Украина қуролли кучлари (УҚК) собиқ бош қўмондони Валерий Залужний билан омма олдидаги низоси энг номақбул пайтда, Киевнинг молиявий таянчи бўлган АҚШ унга тақдим этиладиган кўмак бўйича бир қарорга келолмаётган вазиятда юз берди, деб ёзади Bloomberg.
Залужний президент унга бўлган ишончини йўқотгандан сўнг ишдан бўшатилди. Bloomberg муносабатларнинг бузилишини Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён кузатилган “энг йирик ички ларзага келиш” деб атади. Украина етакчиси генералдан ўтган йил ноябрида The Economist нашрига берган интервьюсида жанг майдонидаги вазиятни тасвирлаётиб, “боши берк кўча” сўзини ишлатишга ҳадди сиғгани учун ўпкалаган.
Бу кўпчилик учун шундоқ ҳам маълум бўлган фактни таъкидлашдек туюлган бўлса-да, айнан шу сўзнинг танлангани ҳозирча музокаралар бошланиши ҳақида гап бўлмаётган вазиятнинг қалтислигини билдиради.
Залужнийни қўллаб-қувватлайдиганлар жуда кўп. Баъзи Ғарб дипломатлари тахмин қилишича, унинг машҳурлиги “пўсти юпқа” деб аталувчи Зеленскийникидан ҳам ошиб кетган.
Аммо ҳарбий раҳбариятга яқин манбалар ихтилофни Зеленский “анча журъатлироқ ҳарбий режа”ни афзал кўриши билан боғламоқда, Залужний эса келгуси ойларда эҳтиёткорроқ режаларни амалга оширишни кўзлаётган эди.
Баъзи манбаларга кўра, Залужний ҳатто ўзининг ўрнига келадиган номзодни танлашда ҳам қатнашган. Аммо янги бош қўмондон Александр Сирский жанг майдонида унчалик ишончга эга эмас, баъзилар уни аввалги бош қўмондондан кўра анча шафқатсизроқ деб ҳисоблайди. Залужнийдан фарқли ўлароқ, у украин тилида ацсент билан гапиради, чунки у Россияда ўсган.
Жанговар ҳаракатларнинг учинчи йили яқинлашиб келгани сари, Зеленскийнинг атрофидагилар кўп нарсалар ўзгарганини тушунмоқда. Хусусан, АҚШ президенти Жо Байденнинг “қанча хоҳласангиз, шунча” деган ибораси “қанча қила олсак, шунча”га ўзгаргани. Шунингдек, улар Дональд Трампнинг ҳокимиятга қайтиши нимани англатишини ҳам тушунади.
Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни Зеленский УҚК раҳбарияти таркиби ислоҳ этилишини эълон қилди. Ўша куниёқ бош қўмондон лавозимини Валерий Залужний тарк этди. Унинг ўрнига бунгача қуруқликдаги қўшинлар қўмондони бўлиб ишлаган генерал-полковник Александр Сирский тайинланди.
Аввалроқ Валерий Залужнийга Украина қаҳрамони унвони берилди, бу ҳақдаги фармонни президент Владимир Зеленский имзолади.
Киев марказида эса Залужнийни қўллаб-қувватловчи акция ўтказилмоқда. “Майдан”да 150 га яқин одам тўпланган. Намойишчилар Валерий Залужнийни Украина Қуролли кучлари бош қўмондони лавозимига қайтаришга чақирмоқда.
Шарҳлар