,

Зеленский Украина қуролли кучларига янги бош қўмондон тайинлади

Украина қуролли кучлари (УКҚ)нинг янги бош қўмондони этиб Қуруқлик қўшинлари бошлиғи генерал-полковник Александр Сирский тайинланди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди, деб ёзади Meduza.

“Бугун УҚК раҳбарлигига янги бошқарув жамоаси киришмоқда. Шуни истайманки, ҳам Работино ёки Авдеевкадаги жангчилар, ҳам Бош штаб ва Ставкадаги уруш ҳақидаги фикрлар бир хил бўлсин. Мен турли даражадаги командирлар билан ўнлаб марта суҳбат ўтказдим. Хусусан, бугун генераллар Андрей Гнатов, Михаил Драпат, Игорь Скибюк ва полковниклар Павел Палиса ва Вадим Сухаревский билан гаплашдим. Уларнинг ҳаммаси армиядаги раҳбар лавозимлар учун кўриб чиқилмоқда ва анча тажрибалироқ украин қўмондони раҳбарлиги остида хизмат қилади”, — деди Украина президенти.

“Украина қуролли кучларидан иборат мудофаамиз асосида самарали ўзгаришлар бўлганидагина, 2024 йил Украина учун муваффақиятли бўлиши мумкин”, — дея таъкидлади Зеленский.

Валерий Залужний УКҚ бош қўмондони лавозимидан расман истеъфога чиққани ҳақида 8 февраль куни кечқурун маълум бўлди. Украина мудофаа вазири Рустем Умеров “бугун Украина қуролли кучлари раҳбариятини алмаштириш зарурлиги ҳақида қарор қабул қилингани”ни эълон қилди.

Генерал-полковник Александр Сирский 1965 йил 26 июлда Владимир вилоятининг Новинки қишлоғида туғилган. У армияда взвод командиридан УКҚ Бош штаби бошлиғи ўринбосари лавозимигача бўлган босқичлардан ўтган. 2000-йиллар бошида Сирский Белая Церковь шаҳрида 72-механизациялашган дивизияга қўмондонлик қилган. 2013 йилда УКҚнинг Бош қўмондонлик маркази бошлиғи ўринбосари лавозимини эгаллаб, НАТО билан ҳамкорлик учун жавоб берган. 2014 йилда Украина шарқидаги низо бошида Аксилтеррорчилик операцияси штабини бошқарган. Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлигига 2019 йилда тайинланган.

Александр Сирский Россиянинг Украинага тўлиқ кўламли истилоси бошида Киев мудофаасига қўмондонлик қилган, шунингдек, 2022 йил кузида Харьков вилоятида ҳужум тактикасини ишлаб чиққан.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.