Ўзбекистон фуқаролари Россиядаги хорижликлар ичида энг кўп жиноий жавобгарликка тортилган
Россия Ички ишлар вазирлиги чет элликлар орасидаги жиноятчилик бўйича маълумотларни эълон қилди. Уларга кўра, Россияда Ўзбекистон фуқаролари энг кўп жиноий жавобгарликка тортилади, хусусан, 2022 йилда Россияда чет элликлар томонидан амалга оширилган жиноятларнинг қарийб 40 фоизи ўзбекистонликлар улушига тўғри келган. Иккинчи ўринда Тожикистон (25 фоиз), учинчи ўринда эса Қирғизистон фуқаролари (13 фоиз) жойлашди.
Умуман олганда, мамлакатда яқин хориждан келган чет элликлар томонидан жиноятлар сони 2020 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда уч карра кўпайган. 2022 йилда 11 664 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилган бўлиб, бу 2013 йилдан буён энг юқори кўрсаткичдир.
Чет элликлар кўпинча наркотикларнинг ноқонуний айланмасида айбланган. Асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ушбу жиноят бўйича жавобгарликка тортилган. 2023 йилнинг илк беш ойи ичида 4385 нафар чет элликка нисбатан наркотиклар савдоси учун жиноят ишлари очилган.
Шунингдек, хорижликлар орасида қотилликлар сони 52 фоизга ошиб, 2021 йилдаги 161 тадан 2022 йилда 246 тага етган. Бундай жиноятлар бўйича ҳам Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбайжон фуқаролари энг кўп жавобгарликка тортилган.
Шарҳлар