“Ўзбекконцерт” артистларга келишилмаган хорижий гастроллар учун лицензияни тўхтатиш билан таҳдид қилди
“Ўзбекконцерт” санъаткорларга режалаштирилган хорижий гастроль сафарлари тўғрисида мажбурий ёзма хабар берилиши лозимлигини эслатди. Тегишли хабар муассасанинг Телеграм-каналида эълон қилинди.
Мурожаатда бу талаб “Маданият фаолияти ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилгани алоҳида таъкидланади. “Ўзбекконцерт” акциядорлик жамияти томонидан олдиндан огоҳлантирмасдан хорижда концерт ва кўнгилочар тадбирларни ўтказиш лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузиш эканлиги қайд этилади.
“Айрим ижрочилар ушбу талабларга риоя қилмасдан, республикадан ташқарида концерт дастурларини режалаштириб ўтказишади. Лицензиялаш талаблари ва шартларини бузган санъаткорларнинг лицензиялари муддатидан олдин тўхтатилади”, — дейилади хабарда.
Шарҳлар