Зеленский Японияда Украинани қайта тиклаш бўйича конференциядаги чиқишини бекор қилди
Украинани қайта тиклаш бўйича Токиода бўлиб ўтаётган конференцияда Владимир Зеленскийнинг чиқиши бекор қилинди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Зеленский унда видеоалоқа орқали нутқ сўзлаши кутилаётган эди.
“Украина томонидан баён қилинган сабабларга кўра видеомурожаат трансляцияси бекор қилинди”, — дея маълум қилди тадбир модераторлари YouTube орқали трансляция чоғида. Улар нутқ билан чиқишдан бош тортилиши сабабларига аниқлик киритмади.
Япония Украина вакиллари иштирокида икки томонлама конференция ташкил қилди. Тадбирда Япония бош вазири Фумио Кисида ва унинг украиналик ҳамкасби Денис Шмигал нутқ сўзлади. Конференцияда 200 га яқин Япония ва Украина компаниялари вакиллари иштирок этади. Шунингдек, унга G7 мамлакатларининг Токиодаги элчихоналари вакилларини таклиф этиш ҳам режалаштирилган эди.
Украинага Япония томонидан ажратилган маблағ миқдори 7,6 миллиард доллардан ошади. Токиодаги конференция якунлангач, Токио Киевга 106 миллион долларлик янги ёрдам пакетини тақдим этишни режалаштирмоқда. Япония ҳукумати шунингдек, Украинага бизнес вакиллари сафарларига қўйилган чекловларни юмшатиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Шарҳлар