Зеленский шу ҳафта Франция ва Германияга ташриф буюриши мумкин
Украина президенти Владимир Зеленский 16 февраль куни бошланадиган хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси арафасида ғарбий Европа мамлакатларига сафар уюштиришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Bloomberg ўз манбаларига таяниб. Хусусан, Зеленский Париж ва Берлинга бориши мумкин, аммо сафар ҳақида узил-кесил келишиб олинганича йўқ.
Bloomberg манбаларига кўра, Украина президентининг сафардан мақсади — Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтириш заруриятини асослаш. Агентлик суҳбатдошлари тахмин қилишича, Зеленский катта эҳтимол билан, хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги музокараларни талаб қилиб туриб олади. Шунингдек, Зеленский 16—18 февраль кунлари Мюнхенда бўлиб ўтадиган анъанавий конференцияда қатнашиши кутилмоқда.
Украина президенти 2023 йилги Мюнхен хавфсизлик конференциясида видеоалоқа орқали иштирок этганди. Тадбир очилишида сўзга чиқиб, у иттифоқчиларни Украинага ёрдам кўрсатиш ҳамда унга Евроиттифоқ ва НАТО аъзолигини тақдим этиш бўйича шошилишга чақирганди. Россия эса хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида қатнашишдан бош тортди.
Шарҳлар