Франция Ғарб мамлакатларида Россия пропагандасини тарқатувчи 193 та сайтдан иборат тармоқни аниқлади

Фото: iStock

Франциянинг чет эл рақамли аралашувидан ҳимоя учун масъул бўлган VIGINUM ҳукумат агентлиги Ғарб мамлакатларида Россия пропагандасини тарқатувчи “тизимлаштирилган ва мувофиқлаштирилган” веб-сайтлар тармоғини аниқлаганини маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Тармоқ камида 193 та сайтдан иборат. Дастлаб улар Украина ва Россия аҳоли пунктларидан янгиликлар жойлаштириб борган, аммо истило бошлангач, тармоқ Украинани қўллаб-қувватлайдиган Ғарб мамлакатлари, шу жумладан, Франция аҳолисига қайта мослашган.

Агентлик қайд этишича, Portal Kombat деб ном берилган тармоқ Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришини оқлайдиган ва Украина раҳбариятини обрўсизлантирадиган материалларни чоп қилади.

Шу билан бирга, сайтлар ўз контентини яратмайди, балки учта турдаги манбалар: россиялик ёки россияпараст арбоблар ижтимоий тармоқлари, шунингдек, Россия ахборот агентликлари ва ҳукумат органлари хабарларини тарқатади. 2023 йил 23 июндан 19 сентябргача ушбу сайтларда 150 мингдан ортиқ материал эълон қилинган.

Шунингдек, агентлик эътибор қаратишича, тармоққа кирувчи сайтлар бир-бирига жуда ўхшаш. Уларнинг баъзилари домен номи сифатида “pravda” сўзидан фойдаланади, масалан, инглиз тилидаги сайт учун pravda-en.com, француз тилидагиси учун pravda-fr.com.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.