Зеленский урушнинг икки йили ичида 31 минг украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди
Украина Россия билан низода 31 минг ҳарбий хизматчисини йўқотди, ҳар битта йўқотиш — мамлакат учун катта фожиа, деди Украина президенти Владимир Зеленский “Украина.2024 йил” форуми доирасидаги матбуот анжуманида.
“Ярадорлар қанча эканини айтмайман, чунки Россия жанг майдонини неча киши тарк этганини билиб олади”, — деди Зеленский.
Президент қўшимча қилишича, бедарак йўқолганлар сонини ҳам эълон қилмайди, чунки бу маълумотга аниқлик киритиш талаб этилади: йўқолганлар рўйхатига киритилганларнинг баъзилари кейинроқ асирлар билан айирбошлаш доирасида қайтарилган.
“Зеленский ёлғон гапираётганини Украинанинг ҳар бир фуқароси тушуниб ўтирибди, биринчи навбатда Украина қуролли кучларининг ҳар бир аъзоси”, — дея унинг гапларига муносабат билдирди Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова.
Россия томони Украина йўқотган ҳарбий хизматчилар сонини доимий равишда эълон қилиб боради. Хусусан, ўтган йил охиригача, Россия Мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Украинанинг 383 минг ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, 2024 йил январида эса 23 минг нафар аскар ҳалок бўлган ёки яраланган..
Украина талафотлари ҳақидаги маълумотлар чет эл нашрлари томонидан ҳам манбаларга таяниб эълон қилиб борилади. The Economist УҚКнинг камида 70 минг аскари ҳалок бўлиб, 120 минги яраланганини, The New York Times эса 150 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ўлган ёки яраланганини маълум қилганди.
Нашр эслатишича, Россия Мудофаа вазирлиги РФ армияси талафоти ҳақида сўнгги марта 2022 йил сентябрида маълум қилган, ўшанда ҳарбий операцсия бошидан буён 5937 киши ҳалок бўлгани айтилганди.
Шарҳлар