“Ҳафсалангиз пир бўлиши мумкин, аммо у ҳақиқатан ҳам тромбдан вафот этган”. Украина ҳарбий разведкаси раҳбари — Навальнийнинг ўлими ҳақида

Фото: кадр из видео

Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний колонияда табиий равишда — тромб туфайли вафот этганини маълум қилди, деб ёзади Meduza.

“Ҳафсалангиз пир бўлиши мумкин, аммо бизга шу нарса маълумки, у ҳақиқатан ҳам тромб туфайли вафот этган. Бу қандайдир даражада тасдиқланган. Бу интернетдан олинган маълумот эмас, лекин, афсуски, табиий ўлим”, — деди РББ раҳбари “Украина. 2024 йил” форумида. У бошқа тафсилотларга тўхталмади.

Россия Жазоларни ижро этиш федерал хизмати Алексей Навальний 16 февраль куни Ямал-Ненец мухтор округи Харп қишлоғидаги “Полярний волк” колониясида вафот этгани ҳақида хабар берди. Муассаса маълумотларига кўра, сиёсатчи сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб, дарҳол ҳушини йўқотган. RТ пропаганда канали манбаси қайд этишича, унинг ўлимига тромб ёрилиши сабаб бўлган. Колонияда Алексей Навальнийнинг онасига у “тўсатдан ўлим синдроми”дан вафот этганини айтишган. Людмила Навальнаяга берилган ўлим ҳақидаги тиббий хулосада ўлим сабаби сифатида “табиий сабаблар” келтирилган.

Алексей Навальнийнинг жасади тўққиз кун давомида унинг қариндошларига берилмади. Терговчилар сиёсатчининг онасини шантаж қилиб, жасад берилиши учун ўз шартларини келтирди. Хусусан, улар Навальнийнинг дафн маросими ҳақидаги маълумотни сир тутишни талаб қилиб, акс ҳолда сиёсатчини колония ҳудудига дафн этиш билан таҳдид қилди. 24 февраль куни кечқурун Навальнийнинг жасади онасига берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.