Зеленскийнинг матбуот котиби 25 февралга “ўзига хос бир нарса” тайёрланаётганини эълон қилди

Foto: Reuters

Украина 25 февраль куни ҳукумат вакиллари иштирокида конференция ўтказади, унда мамлакатнинг жорий йилдаги йўналиши ҳақида гап боради. Бу ҳақда Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоров маълум қилди, деб ёзади “РБК”.

Унинг сўзларига кўра, 24 февраль куни Киевга “дўст” мамлакатлардан кўплаб чет эллик етакчилар ва шериклар етиб келади, ташрифлар “амалий натижалар”га эга бўлади. Шунингдек, G7 мамлакатларининг онлайн-мажлиси ўтказилиши кутилмоқда.

“Эртаси куни, 25 февралга биз алоҳида нарса тайёрлаяпмиз. Бу конференция, бизнинг 2024 йилдаги ва ундан кейинги йўлимиз ҳақида очиқчасига суҳбат бўлади. Унда ҳукуматнинг топ-спикерлари, ҳарбий-сиёсий раҳбарият, бош вазир, Олий рада раҳбари, Украина хавфсизлик хизмати, разведка хизмати, стратегик саноат вазирлиги раҳбари қатнашади. Биринчи хоним, инфратузилма вазирлиги, Зеленскийнинг офиси ва албатта, президентнинг ўзи ҳам бўлади”, — деди Никифоров “Рада” телеканали эфирида.

Унинг қўшимча қилишича, гап Украинанинг кундалик ҳаёти, армия, Евроиттифоқ ва НАТОга интеграцияси, хавфсизлик кафолатлари, украиналикларнинг руҳий саломатлиги, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва мамлакат ҳаётининг бошқа жиҳатлари ҳақида гап боради. Шунингдек, Украина етакчиси Владимир Зеленский ва бошқа юқори мансабли амалдорлар иштирокидаги матбуот анжуманлари белгиланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.