Жазоир президенти иккинчи муддатга қайта сайланди
Жазоир президенти Абдулмаджид Теббун 84 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, иккинчи муддатга қайта сайланди. Бу ҳақда Жазоир радиоси республика конституциявий судининг баёнотига таяниб хабар беради.
Сайловчиларнинг 84,3 фоизи Теббунга овоз берган, яъни уни 7,9 миллиондан ортиқ киши қўллаб-қувватлаган. Номзоднинг сайловлардаги рақиблари “Тинчлик учун жамият ҳаракати” томонидан кўрсатилган Абделали Ҳасаний Шариф (9,5 фоиз) ва Социалистик кучлар фронтидан номзод Юсуф Ошиш (6,14 фоиз) бўлди. Сайловчиларнинг иштироки 46,1 фоизни ташкил қилган.
Республикада сайловлар 7 сентябрь куни бўлиб ўтганди. Эртаси куни ҳокимият Теббунни ғолиб деб эълон қилиб, сайловчиларнинг 95 фоизи унга овоз берганини, сайловларда 48 фоизи иштирок этганини билдирди. Шарифнинг сайловолди ташвиқоти овозларни санаб чиқишда қонунбузарликлар қайд этилгани ва сайлов участкаси расмийларига натижаларни кўпайтириш учун босим ўтказилаётганини кўрсатди, деб ёзганди Reuters. Агентлик маълумотларига кўра, Шарифнинг матбуот котиби Аҳмад Садок номзод эълон қилинганидан кўпроқ овоз олганини даъво қилган.
Президентликка уч номзод, жумладан Теббун ҳам кейинроқ сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга эътироз билдирувчи қўшма баёнотни берган.
Шарҳлар