2020 йилга «Фуқаролар учун бюджет»

2020 йилга «Фуқаролар учун бюджет»

Anhor.uz нашри ушбу мақола билан экспертларнинг Ўзбекистон Молия вазирлиги тақдим этган “Фуқаролар учун бюджет”га бағишланган мақолалари рукнини бошлайди.

«Фуқаролар учун бюджет – 2020» лойиҳаси 2019 йил ноябрь ойида эълон қилинганди. Мустақиллик йиллари давомида илк бор Ўзбекистон фуқаролари режалаштирилаётган бюджет билан олдиндан танишиш ва унинг харажатлар ва даромадлар бандлари бўйича ҳам, алоҳида вазирлик ва идораларнинг харажатлари бўйича ҳам асосий параметрларини муҳокама қилиш имконига эга бўлмоқдалар. Ҳужжат салмоқли бўлиб, 54 бет матндан иборат.

Молия вазирлигининг асосий ташаббуслари

Биринчи ташаббус. Молия вазирлиги бир нечта янгиликни таклиф этмоқда: “Келгуси фискал йил учун солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари” ва “Бюджет мурожаати”ни Олий Мажлисга ҳар йилнинг 15 октябридан кечиктирмасдан киритиш учун бюджетни прогнозлаш ва режалаштириш процедурасини тартибга солиш. Бу жуда муҳим ва тўғри ташаббус бўлиб, у ҳаммани интизомга чақиради.

Иккинчи ташаббус – бюджетда барча давлат мақсадли жамғармаларининг (улар 21 та) даромадлари ва харажатларини акс эттирган ҳолда барча давлат харажатларини консолидациялаштирилган давлат бюджети кўринишида бирлаштиришни мустаҳкамлаш. Бу муҳим, чунки Молия вазирлиги давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши жараёнида юз бераётган ҳамма нарсани назорат қилиши шарт. Аммо ушбу рўйхатга вазирликлар ва идоралар (ДСҚ, ДБҚ, ДХХ, Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ, Адлия вазирлиги ва бошқалар)нинг мақсадли жамғармалари ҳам кирган-кирмагани тушунарсиз.

Молия вазирлиги томонидан қуйидаги янги тушунчанинг жорий этилиши ҳам шу билан изоҳланади: “Умумий фискал баланс – бу Ўзбекистон Республикаси консолидациялаштирилган бюджетининг даромадлари ва харажатларини ҳамда давлат дастурларини амалга ошириш учун жалб этилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган ташқи қарзлар ҳисобидан амалга ошириладиган харажатларни ўз ичига олувчи умумий баланс”.

Молия вазирлигининг учинчи ташаббуси бюджет бажарилишига қараб фискал йил давомида бюджет параметрларини ўзгартириш жараёнини тартибга солишга тааллуқли. Бу ҳам жуда муҳим жиҳат, чунки шу пайтгача мазкур жараён ўз ҳолига ташлаб қўйилганди ва Молия вазирлиги бюджетнинг деярли барча субъектлари ва тақсимловчилари билан мураккаб зиддиятли шароитларда бюджетга тузатишлар киритилишига қарши якка ўзи курашишига тўғри келарди. Ҳужжатда мамлакат Конституциясига ва Бюджет кодексига мувофиқ “Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг асосий параметрлари” Қонун кўринишида қабул қилиниши ва Президент қарори билан тасдиқланиши кераклиги тўғри таъкидланган. 

Бироқ, бу ерда Молия вазирлиги бир-бирини инкор қиладиган ташаббусни киритган: “Давлат бюджети харажатларининг тасдиқланган параметрлардан 3% атрофида камайиши – Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида, тасдиқланган параметрлардан 3% га ошиши эса – Вазирлар Маҳкамасининг таклифи бўйича Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланади”. 

Агар ҳужжат қонун кўринишида тасдиқланса, унда уни ўзгартириш тартиби ҳам, ҳеч қандай истисносиз (!) қонунларни ўзгартириш учун қабул қилинган процедураларга мувофиқ бўлиши шарт. Ҳуқуқий давлат мантиғи ана шундан иборат. Конституцияга кўра на Вазирлар Маҳкамаси, на Президент аппарати қонун чиқариш ваколатига эга эмас. Охиргисининг роли ва ҳуқуқлари эса Асосий Қонунда умуман кўрсатилмаган.

Молия вазирлиги қуйидаги қўшимча шартни киритади: “Давлат бюджетини ижро этиш жараёнида бир вақтнинг ўзида бюджетларни молиялаштириш манбаларини белгиламасдан туриб, тасдиқланган параметрлар билан кўзда тутилмаган бюджетлар харажатларининг янги йўналишлари ҳақида қарорлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди”. Аммо, ҳозирча бу қонунчилик томонидан мустаҳкамланмаган. Эҳтимол, буни Бюджет кодексиг киритиш керакдир?

Тўртинчи ташаббус: бу бюджетни тақсимловчиларнинг тоифаларга ажратилиши. Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар тушунчалари киритилди. Буни ким ва қай тарзда белгилаши бўйича ҳеч қандай таклиф йўқ. Давлат бюджети олдида ҳар ким ўз ваколатлари ва масъулиятини билиши керак. Балки бу тушунчаларни ҳам Бюджет кодекси билан мустаҳкамлаш зарурдир?

Бешинчи ташаббус: бу давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар даромадларининг аниқ фарқланиши. Маҳаллий бюджетларга қуйидагилар тўлиқ ҳажмда киритилиши кўзда тутилган:

·         ягона солиқ тўлови тушумлари;
·         аҳоли сонидан келиб чиқиб, мобил алоқа ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво маҳсулотига акциз солиғидан тушумлар*.

Бироқ, бундай ёндашувда, йирик шаҳарлари кўп бўлган вилоятларгина бундан фойда кўради, чунки акциз солиғига тортиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва мобил операторлар географик жиҳатдан нотекис тақсимланган.
 
Умумий таълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг иш ҳақи харажатлари ва ижтимоий эҳтиёжларига ажратмаларини молиялаштириш республика бюджетидан амалга оширилиши; бошқа харажатлар эса туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан амалга оширилиши кўзда тутилгани боис, кичикроқ шаҳарларга эга вилоятлар оғир аҳволда қолади.
 
Молия вазирлиги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари ривожини назоратдан чиқармаётгани яхши албатта.
«Тажриба сифатида мактабгача таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича инвестицион харажатлар Тошкент шаҳри бюджетидан молиялаштирилади. Давлат санитария-эпидемиология назорати туман ва шаҳар марказларини молиялаштириш ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан амалга оширилади».

Таълим ва тиббиёт муассасаларининг капитал эҳтиёжларига харажатларни маҳаллий даражадаги бюджетга топшириш бу тўғри ташаббус, аммо бундай харажатларнинг жойлардаги самарали жамоатчилик назорати механизмини таъминлаш зарур. Буниси эса йўқ, шу боис “Давлат санитария-эпидемиология назорати туман ва шаҳар марказларини молиялаштириш” каби жиддий масала маҳаллий органларга қандай асосда берилгани тушунарсиз.
 
Асосий ўсиш параметрлари
 
2020 йил учун мамлакат бюджетининг асосий параметрларини тақдим этишдан олдин Молия вазирлиги ЯИМнинг асосий тармоқлар (саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва ҳ.к.) бўйича ўсиш прогнозларини ҳамда ЯИМ дефлятори ва инфляция кўрсаткичларини беради. Назаримда, бу ҳолда, келтирилган кўрсаткичлар ўзаро унчалик аниқ боғланмаган.
 
Агар урғу капитал қурилишни рағбатлантириш  ва унинг ЯИМдаги солиштирма улушининг ошишига (6% дан 7% гача) берилса, унда Молия вазирлиги қандай қилиб инфляция ва ЯИМ дефляторини пасайтирмоқчи? Ахир шу пайтгача айнан шу сиёсат пул массаси ва инфляциянинг ўсишига олиб келаётганди-ку? 
Бироқ, Молия вазирлиги молиялаштирмоқчи бўлган нарсалар кишини ҳайратда қолдиряпти:

17819,0 млрд сўм миқдоридаги умумий фискал баланс тақчиллигини (консолидациялаштирилган бюджет тақчиллиги тахминан 1,86 млрд АҚШ доллари) – асосан 14394,1 млрд сўм миқдоридаги (тахминан 1,5 млрд АҚШ доллари) ташқи қарзлар ҳисобидан молиялаштириш.
 
3424,9 млрд  миқдоридаги бюджет тақчиллигини қоплаш манбалари эса ҳужжатда мутлақо кўрсатилмаган.


 
Бу ҳолда пул босиб чиқарадиган дастгоҳ ишга туширилади деб тахмин қилиш мумкин. Агар Марказий банк жорий айирбошлаш курсини яна “ушлаб туриши” ҳам керак бўлса, унда Молия вазирлиги ниманинг ҳисобидан инфляцияни пасайтиришга эришмоқчи?
 
Аввал ҳам таъкидлаганимиздай, кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун ҚҚС жорий этилганида Молия вазирлигининг асосий мақсади фискал планда ушбу солиқ қийматини ошириш эди. Бу катта маъмурий кучни талаб қилмайди, нисбатан енгил тўпланади ва текширилади. Натижа – 2019 йилда бюджет даромадлари тузилмасида ҚҚСнинг солиштирма улуши 44,8% ни (кутилаётган даража) ташкил этди, бунда тўғридан-тўғри солиқларнинг солиштирма улуши – 28,1%. Ушбу камчиликни 2020 йилда тузатиш режалаштирилмоқда: ҚҚСнинг солиштирма улуши 45,3% гача, тўғридан-тўғри солиқларники эса 31,7% гача (бошқа тушумлар ролини қисқартириш ҳисобидан).
 
ҚҚС бевосита нархни шакллантирувчи солиқ ҳисобланади ва унинг кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) корхоналари учун жорий этилиши қуйидагиларга олиб келди:

·         КЎБ товарлари ва хизматларининг сезиларли даражада қимматлашиши;
·         КЎБ маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайиши;
·         КЎБ корхоналарининг рақобатбардошлиги пасайиши ва кўпчилигининг ёпилиши ёки бошқа хўжалик юритиш шаклларига ўтиши;
·         КЎБнинг айланма маблағлардан маҳрум бўлиши ва уларнинг деярли банкрот ҳолатга келиши.

Бу ерда биз атрофдаги одамлар билан ўтказган сўровлардан ва бизнес соҳиблари билан кўп сонли суҳбатлардан келиб чиқяпмиз. Агар бизда барча мулкчилик шаклларидаги корхоналарнинг рўйхатдан ўтиши ва ҳақиқий фаолияти уларнинг нечтаси ёпилгани ёки деярли ишламаслиги бўйича кўрсаткичлар билан солиштирилган ҳолда тақдим этиладиган тўлиқ статистика эълон қилинганида эди, ушбу тезисни осонгина исботлаш мумкин бўларди. Аммо, солиқ органлари ўз мутахассисларини у ёки бу корхоналарни ёпиш учун юбормаслиги маълум, чунки бу “яхши” статистикани жиддий равишда бузади.
 
Ҳозир мамлакат Президентининг “ўрта бизнес”нинг миқдорий параметрлари ва уни белгилаш мезонларини жорий этиш топшириғи кенг муҳокама қилинмоқда, хусусан, айланмаси йилига 1 млрд дан 3 млрд сўмгача бўлган корхоналарни ўрта бизнес субъектлари сифатида тан олиш таклиф қилинаётир. Бу бизнинг тезисимизни бир қадар тасдиқлайди.

Бироқ биз бу ерда ғояни оёқости қилишга бўлган уринишларни кўряпмиз, чунки 3 млрд сўм айланма – бу деярли 300 минг АҚШ доллари дегани, агар корхонада 50 дан ортиқ киши ишласа (солиқлар бунда камида 22% ни ташкил қилса), бу маблағларнинг қурилиш, хизматлар соҳасида қарийб 77% ишчиларнинг иш ҳақига (солиқлар билан) кетади. Унда мулкдорга нима қолади? Наҳотки бизнинг иқтисодиёт хизматимиз мулкдорни рағбатлантирмасдан бирор нарсани яхши томонга ўзгартириш мумкин деб жиддий ўйласа?
 
Молия вазирлиги томонидан Ягона ижтимоий тўловни пасайтириш соҳасида кўзда тутилган чоралар давлат корхоналарида сезиларли натижани бермайди. Агар зудлик билан КЎБни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли чоралар ишлаб чиқилмаса, бюджетнинг бажарилиши катта таваккал остида қолади. Кичик ва ўрта бизнеснинг ачинарли аҳволи нафақат катта иқтисодий, балки ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Бу эса мамлакатимиз томонидан халқаро бозорда янада кўпроқ пул қарз олишига, шу жумладан жорий бюджет тақчиллигини қоплаш учун ҳам қарз олишига олиб келади.  
 
Давоми бор.
 
Абдулла Абдукадиров
Колумнист   

 
Мақолани қайта чоп этиш учун таҳририятнинг рухсати зарур. Ушбу шартнинг бузилиши “МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ ВА ТУРДОШ ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДА”ги қонунга мувофиф маъмурий жавобгарликка олиб келади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.