Рублнинг қадрсизланиши ўзбекистонликларга қандай таъсир қилиши мумкин

Рублнинг қадрсизланиши ўзбекистонликларга қандай таъсир қилиши мумкин

Рублнинг беқарорлиги, кейин эса санкциялар туфайли унинг шиддат билан тушиб кетиши Россия иқтисодиётида танглик ҳолатини келтириб чиқарди, бу эса Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир қилмасдан қўймайди, албатта.

17 декабрь куни Россия Марказий банки рубль курсини барқарорлаштиришга қаратилган чораларни эълон қилди ва бу унинг доллар ва еврога нисбатан бироз мустаҳкамланишига олиб келди. Аммо шуни ҳам эътиборга олиш керакки, бу Путиннинг анъанавий катта матбуот анжумани олдидан юз берди. Бугун, 18 декабрь куни, Москва вақти билан соат 10:18 да бир доллар 58,48 рублдан сотилди. Ушбу ижобий динамика қанча вақт сақланишини вақт кўрсатади.
Путиннинг ўзи журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Россиядаги валюта танглиги, энг ёмон ҳолатда, икки йил давом этиши мумкинлигини билдирди ва умуман олганда, Марказий банк ва ҳукумат ушбу вазиятда мос ҳаракатларни амалга ошираётганини қўшимча қилди.

Шу ўринда «Нью-Йорк Таймс» нашри ўз мақолаларидан бирида Марказий банкнинг “мос ҳаракатларини” изоҳлаб, “тунга яқин бундай қарорларни қабул қилмаслик кераклигини” қайд этганини, айтиш жоиз.

Россиялик иқтисодчи Я.Миркин ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида шундай деб ёзади: “Эҳтиёткорлик билан айтадиган бўлсак, бу Россия банки бозор қандай тузилгани ҳақида тасаввурга эга эмас деган барча тахминлар ҳақиқат эканини, унинг барча таъсир дастаклари, қоғоз уюмлари ҳам, молиявий барқарорлик механизмлари ҳам, фавқулодда ҳаракатлар режалари ҳам – ҳаммаси сохта воқелик эканини англатади”.

«Вашингтон пост» ҳам бу борада экспертлардан бирининг мақоласини чоп этган бўлиб, унда муаллиф агар иш рубль синиши ва Россия иқтисодиётининг, шу жумладан молиявий бозорининг кенг кўламли инқирозигача бориб етса, унда бу ҳақиқатан ҳам янги жаҳон молиявий инқирозига сабабчи бўлиши мумкинлигини ва бундан ҳамма ютқазишини башорат қилади.

Бироқ, бошқа фикрлар ҳам бор. Хусусан, Россиялик юртдошлар Бутунжаҳон мувофиқлаштириш кенгашининг аъзоси Максим Крамаренко шундай деб ёзади: «Бундан худди “Путин ва унинг жамоаси” душманларни миналар кўмилган майдонга “бу ер бизнинг энг заиф жойимиз” деб чақираётгандай тасаввур пайдо бўлмоқда. Бунда қуйидагиларга эътибор қаратиш зарур: 17%ли кредитлар фақат чайқовчилар учун, саноат учун эса 9% ли базавий ставкалар қолдирилди… Рублнинг нархи билан олтиннинг қиймати ҳам тушиб кетди (демак, уни арзонроққа сотиб олиш мумкин)… Энг асосийси эса, рублни “молиявий диверсантлар” қарзга олинган рубллар ёрдамида қадрсизлантирди…энди уларни қайтариш керак бўлади!!!». 
 
Бошқа экспертлар Буюк Британияда 1992 йили содир бўлган “қора чоршанба”ни эслашмоқда. Ўшанда Британия фунти бир неча кун ичида 25% га тушиб кетганди ва яна 75% га тушиб кетарди ҳам, бироқ Британия ҳукумати бунга қарши қатор чораларни кўрди. Қисқа битимлар тақиқланди (яъни фунтга эга бўлмасдан туриб, уни сотиш) ва Жорж Соросни ҳибсга олишга ордер берилди. У нафақат инсайдерлик маълумотини олиш бўйича “айғоқчилик” тармоғини яратганликда, балки қудратли ташкилотнинг молиявий кўмагидан фойдаланган ҳолда фунтни “қисқа” сотиш учун ўзида боридан сезиларли даражада кўпроқ миқдорда доллар ва маркани жалб этганликда айбланди.    

Ўшанда Британияда ҳеч ким ўз мамлакати инқирозга юз тутиши ҳақида қичқирмади ва яқиндагина сайланган Жон Мейжор ҳукумати истеъфо бериши кераклигини талаб қилмади. Кейинчалик Мейжор қироличага истеъфо сўраб хат ёзганини тан олди. У аксинча фунтнинг девальвациясини ўтказди ва ҳисоб ставкасини сезиларли даражада пасайтирди, бу эса девальвация эффекти билан биргаликда, россияликларга 1998 йил бўйича яхши таниш бўлган саноатнинг шиддат билан ривожланишига ва арзон кредитлар билан молиялаштирилган инглиз маҳсулотлари рақобатбардошлигининг сезиларли даражада ошишига олиб келди.

Ҳозир қайси томон ҳақ бўлиб чиқишини айтиш қийин, аммо кўпчилик танқид қилган Ўзбекистоннинг эҳтиёткорона молиявий ва инвестицион сиёсати энди мамлакатимизга қўл келиши  ва Россия молия бозоридаги кўнгилсизликлар бизнинг макроиқтисодий барқарорлигимизга фақат қисман таъсир қилиши мумкин. Бунга умид қиламиз.

Бироқ Россия иқтисодиётидаги танглик Ўзбекистонга ҳам таъсир қилиши турган гап. Агар Россия 2015 йилнинг биринчи чорагида рублни барқарорлаштириб, ишлаб чиқаришни жонлантира олмаса ва истеъмолчилик эҳтиёжини оширмаса, олдимизда мураккаб давр кутиб турган бўлиши мумкин. Россия Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, 2014 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистондан Россияга қилинган импорт 700 млн долларни ташкил этган. Янги шароитларда эса бизнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларимизга бўлган талаб ҳам савол остида қолади. Айтиш жоизки, ўзбек фермерлари мева-сабзавот маҳсулотларини иқтисодий санкциялар туфайли бўшаётган бозорга катта ҳажмда етказиб беришга умид қилаётганди.

Россия Ўзбекистоннинг йирик инвестицион ҳамкори ҳисобланади. Сўнгги 5 йил ичида Россия компаниялари томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 6 млрд.доллар миқдорида инвестиция қилинди. Ўзбекистонда 900 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Бугун Ўзбекистондаги Россия бизнеси, ўзнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, ўз дастурларини қайта кўриб чиқиши мумкин. Хўш, бундай шароитларда Ўзбекистон, масалан, ЛУКОЙЛ каби компаниялардан ваъда қилинган инвестицияларга умид қила оладими? Бу ҳозирча номаълум.

Бу масаланинг Ўзбекистон ҳукуматига бевосита боғлиқ бўлмаган яна бир тарафи бор – бу меҳнат муҳожирлари юборадиган валюта тушумлари. Ўзбекистондаги кўпгина оилаларнинг фаровонлиги бевосита хориждан келадиган пулларга боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас.

Бир томондан, рублнинг тушиб кетиши Россияда ишлайдиган муҳожирларнинг маошини қадрсизлантиради ва улар камроқ пул жўната бошлайди, эҳтимол икки баравар камроқдир. Бироқ бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Россия Марказий банки кредит ставкасининг 17% гача оширилиши Россия иқтисодиётини сезиларли даражада сусайтириши мумкин, бу эса кўплаб меҳнат муҳожирларининг ё уйга қайтишига, ёки ўз омадини бошқа мамлакатларда излашига олиб келади. Аммо энди бу қўшимча вақт ва қўшимча харажатларни талаб этади.

Буларнинг ҳаммаси кўпчилик меҳнат муҳожирларининг уйга қайтиши муқаррар эканини англатади. Ана шунда янги иш ўринлари яратилгани ҳақидаги рапортларнинг ҳолига вой бўлади, яъни уларнинг ҳақиқийлиги ва ушбу иш ўринларида бериладиган меҳнат ҳақининг оилалар эҳтиёжига мувофиқлиги яққол кўзга ташланади. Оилалар эса бой бўлмаса-да, ўзига тўқ яшашга ўрганган.

Ҳозир бизни нима кутаётганини аниқ айтишнинг мутлақо имкони йўқ. Бироқ 2015 йил молиявий жиҳатдан поёнига етаётган йилдан кўра мураккаброқ келишини аниқ айтишимиз мумкин.

Мансур Ибрагимов,
Anhor.uz учун махсус 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.