Ўзбекистон Давлат тарихи музейида бир қўшиқ тарихига бағишланган кўргазма очилди

Ўзбекистон Давлат тарихи музейида бир қўшиқ тарихига бағишланган кўргазма очилди

Ўзбекистон Давлат тарихи музейида “Ариранг – Кореянинг қалби” халқаро кўчма кўргазмаси очилди. Бунгача у Корея ва Японияда катта муваффақият билан тақдим этилганди, деб ёзади “Uzbekistan Today” нашри.

Кўргазма экспозицияси жуда ғаройиб. Унинг асосий мавзуси – “Ариранг” – ўзига хос тақдирга эга корейс халқ қўшиғи. Кўргазманинг интерфаол тарзда жиҳозланиши эса ташриф буюрувчиларга қадимий мусиқа наволаридан баҳра олиш, “Марказий Осиёда истиқомат қилувчи корейслар ижросидаги “Ариранг” санъати” видеотасмасини томоша қилиш имконини беради. 200 дан ортиқ экспонат мазкур қўшиқ атрофида шаклланган “Ариранг” санъатининг тарихи ҳамда корейс халқининг маданий-маиший турмуш тарзи билан таништиради.

Айтиш жоизки, “Ариранг” қўшиғининг кўплаб вариантлари мавжуд, уларнинг номлари ҳам одатда мамлакатнинг қайси ҳудудида келиб чиққанига қараб қўйилган. Қўшиқларнинг универсал мавзуси ҳар бир ижрочига янги матн ва мавзуни ўйлаб топган ҳолда ўз тарихини сўзлаб бериш имконини беради. Бу ҳақда ижрочиларнинг ўзи шундай дейди: “Қизиғи шундаки, матнлар маҳзун бўлса ҳам, қўшиқнинг ўзи қувноқ. Уни куйлаганда қалбинг ёришиб кетади…”

2012 йил декабрида ЮНЕСКО “Ариранг” қўшиғини оғзаки номоддий мерос рўйхатига киритди. Ундан икки йил олдин эса ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатидан “Кагок” (оркестр жўрлигида ижро этиладиган анъанавий корейс қўшиқлари), “Темокчжан” анъанавий ёғоч ўймакорлиги ва корейс лочин ови ҳам ўрин олганди.
Асрлар давомида “Ариранг” Кореянинг мустақиллик учун кураш ва мамлакатнинг замонавий тарихини акс эттирувчи ўзига хос рамзига айланишга улгурди. Ушбу қўшиқ Кореянинг норасмий миллий гимни ҳисобланади.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистондаги корейс миллий маданий маркази артистларининг концерти бўлиб ўтди. Тадбир Корея Республикаси Миллий этнографик музейи қошидаги «Jeongseon Arirang» тадқиқот институти, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Корейс халқаро алмашинув жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Фотосурат: tema-travel.ru

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.