Давлат ва хусусий мактаблар ҳақида

Фото: freepik.com

Ўқув йили бошланиши арафасида ота-оналар болалар учун умумтаълим мактабини танлаш муаммосига дуч келади. Ўқувчи йиллар давомида шу мактабда ўқитувчилар таркибида таълим олиши ва касб-ҳунарини танлаши керак бўлади, шунинг учун бу жараён масъулиятли ва бутун оиланинг ҳаёт тарзини белгилайди. Болани давлат мактабига бериш керакми ёки таълимга пул сарфлаб, хусусий мактабга юбориш афзалми, тижорат синфи билан нотижорат синф ўртасидаги фарқ нимада? Anhor.uz мактаблар ўртасидаги фарқларни ўрганди.

Хусусий мактаблар давлат мактабларидан нимаси билан фарқ қилади?

2023 йил 26 майдаги президентнинг “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 1 сентябрдан бошлаб мактаб директорлари ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва бўшатиш, умумий соат миқдори доирасида ўқув режаларига 15% гача ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, қарорга асосан туман ва шаҳарларнинг мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш ваколатлари бекор қилинди, яъни туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари энди мактабларни текширмайди.

Ўзбекистон статистика агентлиги маълумотига кўра, 2022/2023 ўқув йили бошида Ўзбекистондаги умумтаълим муассасалари сони 10 522 тани ташкил қилган. Сўнгги беш йилда умумтаълим муассасалари сони 748 тага кўпайган. Агентлик маълумотига кўра, 2022/23 ўқув йили бошида 194 та нодавлат умумтаълим муассасаларида 45 927 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Хусусий мактаблар (нодавлат таълим муассасалари) “Таълим тўғрисида”ги қонун билан белгиланган лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ хизмат кўрсатади. Нодавлат таълим муассасаларини молиялаштириш таъсисчилар, кадрлар буюртмачилари пули ва моддий воситалари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ота-оналар билан таълим муассасаси ўртасидаги шартномага асосан амалга оширилади.

Давлат таълим муассасалари, яъни мактабларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетлари, туман ва шаҳар бюджетлари, кадрлар буюртмачиларининг маблағлари, шунингдек бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Давлат ўрта махсус таълим муассасаларидаги тижорат синфлари – бу қўшимча дарслар ўтказиладиган синфлар. Ўқувчилар асосий дарслардан сўнг театр, мусиқа ёки спорт тўгаракларига қатнайдилар.

Давлат мактабларида пуллик таълим хизматлари йиллик режага асосан амалга оширилади. Унда таълим хизмати турлари (қўшимча таълим йўналишлари), дарс ўтиш вақти, ўқитиш соатлари сони, ҳар бир соат учун тўлов миқдори кўрсатилади. Пуллик таълим хизматларини шартнома асосида кўрсатиш учун биринчи навбатда шу мактабда ишлайдиган ўқитувчилар жалб қилинади.

Таълим хизматлари нархи мактаб директори томонидан Кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Бундай хизматлар учун тўлов шартномага биноан нақд пул билан банк бўлимлари орқали ёки мактабнинг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига ўтказиб амалга оширилади.

“Тижорат синфидаги ўқувчилар мактабда соат 8:00дан 15:00гача бўлади, қўшимча дарсларга қатнайди. Бу ота-оналар учун қулай тизим, чунки болани кундузи соат 12да олиб кетишга ҳожат қолмайди. Давлат мактабидаги тижорат синфида ўқиш нархи тахминан 4 млн сўм”, – дейди Регина Хасанова (исм шариф ўзгартирилган), хусусий мактаб ўқитувчиси.

Болани қайси мактабга бериш керак

Мактабни танлашда ота-оналар ўз устуворликлари ва моддий имкониятларига таянадилар. Мактаб, ўқитувчи ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни, жумладан ижтимоий тармоқлардаги шарҳларни билиб олиш зарур.

“Куннинг икки-уч вақтида бориб, ота-оналар билан гаплашиб, уларнинг болалари қандай ўқийди ва ўқитувчилар қандай муомалада бўлишини сўраш мумкин. Мактабнинг асосий мақтовчилари болалар ва уларнинг аудиториясидир”, деб тушунтиради Россиядан келган мутахассис ва халқаро бакалавриат дастурининг координатори Елена Краевская,.

Хусусий таълим муассасаларида таълим дастури давлатдан фарқ қилиши мумкин, чунки ўқитувчи услубий материални мустақил танлаши мумкин. Хусусий таълим муассасаларида адабиёт ўқитилиши ҳам фарқ қилади. Давлат мактабларида ўқувчилар ўрганиши шарт бўлган асарлар рўйхати мавжуд бўлса, хусусий мактабларда бу йўқ.

Буллингга нисбатан  муросасизлик

Ўқувчилар мактабда дуч келиши мумкин бўлган алоҳида муаммо бу зўравонлик ва бошқа зиддиятлардирки, улар болага салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мактабдаги психологик муҳит мулк шаклига боғлиқ эмас, балки маъмурият ва педагогик жамоа, уларнинг профессионализмига боғлиқ. Зўравонликка қарши энг самарали сиёсат – зўравонликка ва унинг намоён бўлишига нисбатан нол муросасизликдир.

Муҳими, мактабда профессионал психолог ишлаши, синф раҳбари синфдаги вазият ва муҳитни кузатиб бориши ва болалар ёки ота-оналарнинг ҳар қандай шикоятларига жавоб бериши зарур. Агар мактабда психолог бўлмаса, демак зўравонликка ҳеч ким тизимли ишламаяпти. Синф раҳбари мустақил равишда бунга қарши курашиши мумкин, лекин бу педагогнинг вақтини ва бошқа ресурсларини олиб қўяди, – дейди Россиядан келган мутахассис ва халқаро бакалавриат дастурининг координатори Елена Краевская.

Ўзбекистонда ҳар бир мактаб штатида профессионал психолог бўлиши кўзда тутилган. Низомга кўра, психологик хизматнинг вазифаси ўқувчиларнинг қобилияти, қизиқиши ва касбий мойиллигига асосланган тўғри касб танлашларига кўмаклашишдан иборат.

Психологик хизматлар Оила ва хотин-қизлар ишлари давлат қўмитаси томонидан Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (собиқ Маҳалла ва оила қўллаб-қувватлаш вазирлиги) билан ҳамкорликда, мактабларда эса Халқ таълими вазирлиги билан Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида кўрсатилади. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси лойиҳасига кўра, ўспиринлар мактабдаги психологик зўравонлик туфайли депрессия, кайфият ўзгаришлари ва ўз-ўзига суъиқасд қилиш фикрларини бошдан ўтказганликларини билдирган.

ЮНИСЕФ маълумотига кўра, қийин ҳаётий вазиятларда ёрдам сўраш учун ишончли шахслар сифатида ўқувчилар биринчи ўринда ота-оналарни (77%), сўнгра дўстларни (55%) ва бошқа қариндошларни (21%) кўрсатган. Мактаб психологлари ушбу рўйхатнинг охирги ўринда турибди: фақат ўсмир йигит ва қизларнинг 17 фоизи улардан ёрдам сўрашини айтган.

Ўсмирлар ва ота-оналар стигматизация ва уялиш, мактаб психологи ва бошқа психик саломатликни ҳимоя қилиш ресурслари ҳақида маълумотнинг йўқлиги туфайли ёрдам сўрашмайди. Шунингдек, ота-оналар ва ўсмирлар психологларнинг кўникма ва малакасига ишонмайдилар.

Мактаб психологлари ўз қийинчиликларига дуч келмоқдалар. Бу давомли иш куни (яшаш жойидаги иш билан бирга), қоғозбозлик ишларининг кўплиги, мос кабинетнинг йўқлиги ва паст иш ҳақи билан боғлиқ.

Ўқитувчилар

Давлат ва хусусий мактаблардаги ўқитувчилар иш ҳақи юклама ёки бандлик соатларига, шунингдек педагогнинг малакаси ва тоифасига боғлиқ. Бундан ташқари, мактаб директори хоҳишига кўра мутахассисга 10% ёки 20% устама ҳақ тўлаши мумкин.

Хусусий мактабларда ўқитувчининг иш ҳақи дарс соатларига боғлиқ. Бундан ташқари, ойлик иш ҳақи дарсдан сўнг ўқувчилар билан қўшимча шуғулланиш ҳисобига ошади. Ўқитувчи синф раҳбари лавозимида ишласа, унинг иш ҳақи янада ортади.

Катта синф ўқитувчиси учун битта ставка 20 соатга, бошланғич синф ўқитувчиси учун 18 соатга ҳисобланади. 2023 йил 1 майдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 7% га оширилади. Шундай қилиб, мутахассиснинг иш ҳақи 2 755 655 сўмни, олий тоифали ўқитувчиники 3 798 940 сўмни, 1-тоифали ўқитувчиники 3 437 739 сўмни, 2-тоифали ўқитувчиники 3 085 098 сўмни ва ўрта махсус таълимга эга мутахассисники 2 575 883 сўмни ташкил этади.

Педагог қанча соат дарс берса, натижада унинг иш ҳақи шунча юқори бўлади.

Елена Краевскаянинг айтишича, масалан, Москвада давлат ва хусусий мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақи деярли тенглашди, аммо ўқитувчилар қоғозбозлик йўқлиги сабабли хусусий мактабга ишлашни афзал кўради. Ўқитувчилар кам соат ишлаб, ишни самарали бажаришади.

“Хусусий мактабда ишлаш қулайроқ. Аммо хусусий мактабда албатта аъло ўқитувчилар бўлади, деган гап эмас. Ҳаммаси мактаб маъмуриятига боғлиқ”, деб тушунтиради Елена Краевская.

“Биз, хусусий мактаб ўқитувчиларидан, давлат мактаби ўқитувчилари каби ўқишга мажбур қилмайдилар. Давлат мактаби ўқитувчиларини доимий равишда ўқиш ва малака оширишга юбориб туришади, аммо бу одатдагидай “галочка” учун қилинади. Ўқитувчи фақат ўтирганича машғулотлардаги вақтни ҳисоблаб, сўнг аттестациядан ўтиши мумкин”, дейди Регина Хасанова.

Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларини қайта тайёрлаш билан Авлоний номидаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш илмий-тадқиқот институти шуғулланади. Институтда турли қайта тайёрлаш дастурлари, жумладан, онлайн курслар мавжуд. Малака ошириш сертификати олиш учун курсларга жисмонан қатнашиш ва имтиҳон топшириш лозим. Мутахассислар фикрича, педагогнинг ўз манфаатдорлиги, ўз-ўзини ривожлантириши муҳим аҳамиятга эга.

Кўпгина хусусий мактаб ўқитувчилари аввал оддий мактабларда ишлаган, аммо карьераларининг маълум босқичида хусусий таълим муассасаларига ўтганлар. Одатда бунинг сабаби иш шароити ва ҳақ тўлашдир. Хусусий муассасаларда ўқитувчилар ўз вазифаларига кирмайдиган муаммолар ечиши ва қўшимча юкламалар билан шуғулланмайдилар.

2023 йилда ижтимоий тармоқларда Ангрен прокурорининг бир мактабга ташрифида ўқитувчиларнинг йўқлигидан ва ҳовлидаги қордан норози бўлгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Журналист ва блогер Никита Макаренко Телеграмдаги саҳифасида прокурор ташрифидан сўнг ўқитувчиларни қорни тозалаш учун кўчага ҳайдалганини маълум қилганди.

“Хусусий мактаблардаги ўқитувчилар ишчи сифатида ва кўчани супурмайди, ўзларининг бевосита касбий мажбуриятига кирмайдиган бошқа ишлар билан шуғулланмайди. Хусусий мактаблардаги педагоглар учун ўқитувчи овқат учун ўзи тўлайдиган давлат мактабларидан фарқли равишда овқат бепул “, дейди аввал давлат мактабида ишлаган, ҳозир хусусий мактаб ўқитувчиси бўлган Регина Хасанова.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.