Термиз шаҳри сайёҳлик марказига айланади

Термиз шаҳри сайёҳлик марказига айланади

Термиз шаҳри тобора замонавий қиёфа касб этиб, хорижлик сайёҳлар кўп келадиган масканлардан бирига айланмоқда.

Вилоят ҳудудидаги қадимий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжоларни реконструкция қилиш, сайёҳлар учун янада қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Термиз-Денов, Термиз-Бойсун ва Термиз-Музработ маршрутлари бўйича янги йўналишлар йўлга қўйилиб, бетакрор табиат манзараларига бой Бойсун тумани, Сариосиё туманидаги Сангардак шаршараси, Шеробод туманидаги Зараутсой йўналишлари бўйлаб экотуризмни ривожлантириш кўзда тутилмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида вилоятга сайёрамизнинг олтмишга яқин давлатидан икки мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларидан мингга яқин, Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва туманларидан 16 мингдан ортиқ сайёҳ вилоятнинг диққатга сазовор жойларини қизиқиш билан томоша қилди, дея қайд этади ЎзА.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Сурхондарё вилояти бўйича ҳудудий вакили Шуҳрат Иброҳимовнинг сўзларига кўра, бу йил, айниқса, Германия, Япония, Швеция, Франция, Туркия, Хитой, Италия, АҚШ, Швейцария сингари давлатлардан кўп сайёҳлар ташриф буюрган.

Манзилли дастур доирасида 2014-2016 йилларда воҳадаги йигирмага яқин тарихий-маданий ёдгорликларни тубдан реконструкция қилинади. Термиз туманидаги Қоратепа, Қирққиз, Кокилдор ота, Султон Саодат, Зурмала, Фаёзтепа, Хўжа Рушан мақбараси, Жарқўрғон туманидаги Жарқўрғон минораси, Денов туманидаги Саид Оталиқ мадрасаси, Қумқўрғон туманидаги Искандар кўприги, Музработ туманидаги Кампиртепа ва бошқа қатор ноёб архитектура ёдгорликлари қадимий қиёфасини қайта тиклайди.

Сайёҳлар учун транспорт, савдо, маданий ва бошқа хизматлар кўрсатиш тубдан янгиланади. Туризм объектларининг муҳандислик ва коммунал инфратузилмаси модернизация қилинади. Чекка туманларда ҳам миллий архитектура ечимларига эга янги меҳмонхоналар барпо этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.