Таниқли ўзбек кинорежиссёри Қамара Камолованинг "Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмаси билан “Ўзбекфильм” киностудиясида тасвирга олинган “Унутма мени” бадиий фильми жорий йилнинг 1-7 ноябрь кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Лучезарный ангел» («Нур сочувчи фаришта») ХI халқаро хайрия кинофестивалида Россия Федерацияси Ижтимоий-маданий ташаббуслар жамғармасининг “Болалар учун энг яхши кино” махсус совринига сазовор бўлди.

“Яхши кино қайтмоқда” шиори билан ўтказилган ушбу кинофестивалда дунёнинг 26 мамлакатидан 368 та тўлиқ ва қисқа метражли, ҳужжатли ва анимацион фильм қатнашди. Шулардан 83 та картина танлов дастурида, 61 таси эса танловдан ташқари дастурда иштирок этди, дея хабар беради “Ўзбеккино”.

Россия Федерацияси маданият вазирлиги, Москва шаҳар ҳокимлиги  ва бошқа бир қанча ташкилотлар томонидан ўтказилган ушбу кинофестиваль ташкилий қўмитасининг раиси “Россияда ўсиб келаётган авлоднинг маънавий-ахлоқий маданияти” мақсадли комплекс дастури васийлар кенгаши раиси, РФ ҳукумати раисининг рафиқаси Светлана Медведева ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, режиссёр Қамара Камолованинг "Унутма мени” бадиий фильми жорий йилнинг 13-18 октябрь кунлари Германиянинг Ҳемниц шаҳрида бўлиб ўтган болалар ва ўсмирлар фильмларининг 19-халқаро кинофестивалида “Томошабин эътирофи” совринига сазовор бўлган эди.