Тошкент Давлат ислом университетида  “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида тасвирга олинган “Фасоҳат илмининг султони” ҳужжатли фильми премьераси бўлиб ўтди.

“Буюк аждодларимиз” рукнида тасвирга олинган ушбу ҳужжатли фильмда хоразмлик буюк аллома Маҳмуд Замахшарий  (1075-1144) ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилинади. Умри давомида 50 дан ошиқ адабиётшунослик, тилшунослик, география ва бошқа фанларга оид асар яратган буюк ватандошимиз номини, айниқса, араб тили грамматикасига бағишланган “Ал-Муфассал” китоби асрлар оша Мағрибу Машриққа машҳур қилди”, дея ёзади “Ўзбеккино” МА.

Ҳужжатли фильм сценарийси муалифларидан бири, таниқли исломшунос олим Убайдулла Уватов фильм  узоқ йиллар давомида Ўзбекистон, Туркия, Иордания ва Саудия Арабистонида тасвирга олинганини, бундай ўқув фильмлари ёшларни Ватанимиз, бу ердан етишиб чиққан буюк алломалар ҳаёти ва ижоди билан таништириши ва уларга ибрат бўлиб хизмат қилиши билан ҳам қимматли эканини таъкидлади.

Фильмнинг сценарий муаллифлари – Убайдулла Уватов, Турсуной Исмоилова; режиссёрлари – Абдураҳим Исмоилов, Дониёр Шокиров; тавирчилари – Абдураҳим Исмоилов, Саиддалилхон Саидтурғутхонов; директори – Дониёр  Шокиров.