11-13 декабрь кунлари пойтахтда “Миллий Либос” анъанавий мода фестивали ўтказилади. Тадбир Ёшлар ижод маркази ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтади.

Фестиваль доирасида ёш дизайнерлар, ОЎЮларининг талабалари ҳамда академик лицей ва коллеж ўқувчилари учун Италия ва Германиядан ташриф буюрган машҳур дизайнерлар ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари томонидан миллий ва замонавий либосларни моделлаштириш, брендинг, услубни танлаш, соч турмаклаш санъати ва макияж бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.

Фестивалнинг финал шоу-намойиши эстрада юлдузлари иштирокида либослар тўпламини намойиш этиш форматида бўлиб ўтади, дея хабар беради “Культура” нашри.

Фестиваль давомида 24 нафар дизайнернинг 160 дан ортиқ либослар модели, 18 та тўплами тақдим этилади.