Термизда салжуқийларнинг ноёб олтин динори топилди

Источник: Министерство туризма и культурного наследия

Термиз тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Улкан Эралиев боғни суғориш чоғида ердан сариқ металл парчасини топиб, Термиз археология музейига мурожаат қилганди. Музей ва вилоят маданий мерос бошқармаси ходимларидан иборат гуруҳ топилма аниқланган жойга бориб, қазилма майдонини дастлабки  иш жараёнини олиб борди. Унда қорахонийлар ва салжуқийлар даврига оид кулолчилик буюмлари парчалари топилган. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

“Улкан Эралиев қимматбаҳо топилмани белгиланган тартибда Термиз археология музейига топширди, шундан сўнг унга амалдаги қоидаларда белгиланган ҳақ тўлаб берилди”, – дейилади хабарда.

Манба: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Музей директори бошчилигидаги музей мутахассислари ва нумизматлари томонидан қимматбаҳо топилма дастлабки экспертизадан ўтказилди.

«Олтин динорнинг олд томонида музей нумизмати докторанти Мансур Нормўминов “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” сўзларини, шунингдек, араб алифбосининг айрим ҳарфларини ўқишга муваффақ бўлди.  Танганинг орқа томонидаги матн деярли ўчиб кетган.  Шикастланган, лекин яхши сақланиб қолган танга – олтин динорнинг оғирлиги 1,92 граммни ташкил қилган.  Маълумки, мусулмон мамлакатларида тилла тангалар “динор”,   кумуш тангалар “дирҳам” деб аталар эди, – дейди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев.

Турсунали Қўзиевнинг сўзларига кўра, Термиз ўзининг стратегик жойлашуви туфайли империялар ўртасида тез-тез тортишувлар ва урушлар объектига айланган.  10 асрнинг 2-ярмида шаҳар қорахонийлар ва ғазнавийлар ўртасидаги қонли тўқнашувлар жойига айланди.  Бу ҳукмдорлар бир-бирлари билан бўлган урушда аллақачон қаттиқ ҳолдан тойганидан фойдаланган салжуқий шаҳзодалар Тўғрулбек ва Чағрилбек Термиз ва унинг атрофини эгаллаб оладилар.

«Бу йил Термиз археология музейи очилганига 20 йил тўлади.  20 йил давомида бу музейда бирорта ҳам тилла танга бўлмаган», – дея хулоса қилади вазирлик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.