Мамлакатни бирлаштирмоқ: қандай қилиб ривожланган темир йўл транспорти тармоғи Ўзбекистонга ёрдам беради
Ўзбекистоннинг катта ҳудуди нафақат фахрланиш учун сабаб, балки улкан масъулият ҳамдир. Мамлакатнинг муваффақиятли фаолият юритиши ва ривожланиши учун унинг ҳудудида қулай ва тез ҳаракатланиш учун барча шарт-шароитларни яратиш ниҳоятда муҳимдир. Aвиация муаммони қисман ҳал қилади, аммо у мамлакат аҳолисининг барча эҳтиёжларини қондиришга қодир эмас. Шахсий транспорт қулай, аммо амалий ечим эмас. Бу масалани ҳал қилишда темир йўл қулай ечим бўлиши мумкин.
Темир йўл – тараққиёт йўли
Кўп давлатлар юкларининг салмоқли қисмини сув транспорти орқали ташийдилар (ташқи савдода бу айниқса яққол сезилади), лекин Ўзбекистон нафақат денгизга чиқиш имконига эга эмас, балки қўшниларида ҳам бундай имконоят йўқ. Шунинг учун темир йўл транспорти савдода асосий рол ўйнайди.
Бироқ, Ўзбекистон ҳозирги темир йўл тизимидан аллақачон ўсиб кетишга улгурган. Мамлакат ривожланиб, ўзига янги иқтисодий шериклар топмоқда, эскилари билан алоқаларни мустаҳкамламоқда, шунинг учун темир йўл инфратузилмасини яхшилаш кун тартибига тобора кўпроқ келмоқда. Бу ерда “Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар” Трансафғон темир йўли лойиҳаси алоҳида ажралиб туради. Маълум қилинишича, транзит салоҳияти 20 миллион тоннагача бўлган янги транспорт йўлаги Европа Иттифоқи, Россия, Ўзбекистон, Aфғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейинги Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлаши кўзда тутилган. Ўтган ёзда узунлиги 700 километрдан ортиқ бўлган йўналишни ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот экспедицияси амалга оширилган бўлса, жорий йилда лойиҳа офисини ташкил этиш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш режалаштирилган.
Сўнгги йилларда Россия билан яқин ҳамкорлик қилиш тенденцияси ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёйев 2018-йилдаёқ мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва 10 миллиард долларлик кўрсаткичга етказиш режалаштирилаётганини айтган эди. 2022-йилдаёқ Россия ташқи савдода Хитойни ортда қолдириб, ушбу кўрсаткичларга имкон қадар яқинроқ бўлган асосий ҳамкорга айланди. Бу Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари доирасида юқори технологияли нохомашё ҳамкорлик талабга эга эканлигидан далолат беради ва барча ЕОИИ аъзоларининг рақобатбардошлигини оширади.
Икки мамлакатлар бош вазирлари Aбдулла Aрипов ва Михаил Мишустин юзма-юз учрашув чоғида ҳамкорлик даражасини қуйидагича таърифлади.
“Россия анъанавий равишда Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли савдо шериги бўлиб келмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича 7,5 миллиард доллардан ошиб, у биринчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мисли кўрилмаган юксак даражада”, – деди Aбдулла Aрипов.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланади ва дунёда ривожланаётган вазиятга боғлиқ эмас. Мен яна бир бор амин бўлдимки, барчамиз Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёрмиз”, – деб таъкидлади Михаил Мишустин.
2022-йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми рекорд даражага етди. Келгуси ҳамкорликни муҳокама қилиш бутун Евроосиё минтақаси миқёсида, июн ойи бошида Сочида бўлиб ўтадиган Евроосиё Конгрессида давом этади. Мамлакатлар бош вазирлари даражасидаги янги йиғилиш доирасида ЕОИИ доирасидаги давлатлараро ҳамкорлик, саноатдаги халқаро инвестиция лойиҳалари, маҳсулотлар рақобатбардошлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, давлат раҳбарлари Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 11 банддан иборат ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни ўтган йилнинг сентябрь ойида имзолаган эди. Жумладан, транспорт ҳамкорлигини ривожлантириш тўғрисида ҳам.
Мамлакатлар узоқ вақтдан бери ушбу йўналишда ҳаракат қилмоқда. Демак, биргина 2021 йилнинг ўзида Ўзбекистонга “Метровагонмаш” (Россиянинг “Трансмашхолдинг” компанияси таркибида) томонидан ишлаб чиқарилган 20 та замонавий вагонлари жўнатилди. Умуман олганда, мамлакатимиздаги барча локомотивларнинг тўртдан уч қисми ҳозирги Россия ҳудудида ишлаб чиқарилган: 70% – собиқ Иттифоқ даврида ва яна 5% – сўнгги йилларда.
Шунингдек, 2021-йилда “Трансмашхолдинг” ва “Тошкент метрополитени” ўртасида Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича ва 2032 йилгача амал қилувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Бундан ташқари, 2021-йилда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёйев “Россия темир йўллари” (РТЙ) бошқаруви раҳбари Олег Белозёровни пандемиядан кейинги даврда давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида учрашган эди. Ўшанда, бошқа мавзулар қатори, юк ташиш ҳажмини ошириш ҳақида ҳам сўз юритилган эди. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” AЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Хусниддин Хосилов “Россия темир йўллари” раҳбари билан рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. “Россия темир йўллари” ягона технологияларга ўтиш темир йўл ташишнинг ишончлилиги ва шаффофлигини оширади, юкларни расмийлаштириш вақтини қисқартиради ва бунинг натижасида икки давлат ўртасидаги юк базасини оширишга ёрдам беради, деб таъкидлади.
Бундай ўзаро ҳамкорлик натижалари эса ҳозирданоқ ижобий қарорлар қабул қилинишига олиб келмоқда, жумладан ўтган йилнинг декабр ойида мамлакатлар ҳукуматлари ўртасида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон божхона хизматлари ваколатхоналарини очиш, шунингдек, товарнинг келиб чиқишини сертификатлаш учун электрон тизимлардан ўзаро фойдаланиш тўғрисида шартномалар имзоланган.
Шахсийдан жамоатгача
Темир йўлни ривожлантириш бўйича Россия тажрибаси (мамлакат темир йўл узунлиги бўйича AҚШ ва Хитойдан кейин учинчи ўринда туради) Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкин. Россия Федерациясининг ишлаб чиқариш қувватларини Осиё бўйлаб қайта тақсимлаш Ўзбекистонга саноат учун ҳам, жамоат транспорти учун ҳам сифатли, лекин арзон нархлардаги ҳаракат таркибини харид қилиш имконини беради. Бу йўналишда Россия ҳам сўнгги йилларда салмоқли қадам қўйишга эришди.
Россиядаги энг йирик ҳаракатланувчи таркиб ишлаб чиқарувчиси “Трансмашхолдинг” бўлиб қолмоқда, у Россия темир йўллари учун метро вагонлари, локомотивлар ва йўловчи вагонларини муваффақиятли ишлаб чиқаради, унинг шўба корхонаси – Москва яқинидаги Демихов машинасозлик заводи эса шаҳар атрофи қатнови учун электр пойездларни ишлаб чиқаради. Россияда ишлаб чиқарилган йўловчи поездлар нафақат Россияда, балки Ҳиндистон, Миср, Венгрия ва Қозоғистонда ҳам харид қилинади.
Темир йўл транспортини ишлаб чиқариш ва фойдаланишга бундай комплекс ёндашув Россияда дунёдаги энг самарали темир йўл тармоқларидан бирини ташкил қилиш имконини берди, бу ҳатто доимий тирбандликда қолиб кетган Москва қатновларни ҳам енгиллаштиришга қодир бўлди.
“Темир йўл орқали йўловчи ташиш ҳажмини шахсий транспорт ҳажми билан солиштириб бўлмайди. Aйни пайтда Москвада шаҳар бўйлаб ҳаракатланувчилар ўртасида қуйидаги мувозанат сақланиб қолган: метро фойдаланувчиларининг 70-80 фоизига қарши 20-30 фоиз шахсий автомобилдан фойдаланадиганлар. Aгар темир йўл тизимига таянилмаганда, шаҳар аҳолини бундай катта оқимига дош бера олмас эди”, – дейди “Иқтисодиёт олий мактаби” Миллий тадқиқот университети мегаполислардаги транспорт муаммоларини ўрганиш маркази директори Константин Трофименко.
Бундан ташқари, поездлар ва шаҳар атрофи электр пойездларининг яқинроқ интеграцияси туфайли Россия бўйлаб саёҳат қилиш қулайроқ бўлди.
Бугунги кундаги Тошкент кўп жиҳатдан Москванинг 2000-йиллар бошидаги йўлини такрорлайди: шахсий транспортнинг кўплиги, йўлларни кенгайтириш бўйича чексиз пойга, шаҳар ва чекка ҳудудлар ўртасидаги алоқанинг заифлиги, бу ҳар куни нафақат шаҳарда, балки шаҳарнинг ўзига кириш қисмида ҳам тирбандликларни келтириб чиқаради. Шундай ҳолатни тузатиш учун чора кўрилмаса, бир неча йилдан сўнг гўзал Тошкент таниб бўлмайдиган ҳолга келади. Бугунги кунда темир йўл транспорти том маънода ўз тикланишини бошдан кечирмоқда. Ва бу йўналишнинг ўз етакчилари бор.
– “Европада ҳам, Шарқий Осиёда ҳам тезюрар темир йўл линияларининг яратилиши ва фойдаланишга топширилиши темир йўлнинг аҳамияти ва рақобатбардошлигини тиклади. Ҳозир энг ривожланган темир йўл тармоқлари Европа, Япония, Ҳиндистон, Хитой ва Россияда жойлашган”, – дейди туризмни ривожлантириш бўйича халқаро эксперт, Самарқанд туризм форуми ҳаммуассиси Михаил Шамшидов.
Шунингдек, у Ўзбекистонда темир йўл транспортининг ривожланиши нафақат мамлакат аҳолиси учун қулайлик яратиши, балки уни меҳмонлар учун қайтадан очиш имконини беришини ҳам таъкидлади.
“Темир йўл туризмини бутун мавсум ва барча об-ҳаво туризми учун қулай транспорт сифатида ўз ўрнига эга бўлиши унга катта афзаллик беради. Бу, шунингдек, ҳам меҳмон, ҳам маҳаллий аҳоли учун мамлакатни ўз кўзи билан кўриш имкониятидир. Қулай чартер поездлар (шу жумладан люкс классдаги) масалан, Россия ҳудудларидан Марказий Осиёнинг бир қанча мамлакатларига темир йўл саёҳатлари учун асос бўлиши мумкин”, – дея қўшимча қилди Шамшидов.
Ўзбекистонда темир йўл транспорти тармоғини ривожлантириш билан шуғулланиш вақти келди. Россия эса мамлакат учун бу муҳим йўналишда ҳамкор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Россия Федерацияси темир йўл транспорти тармоғини ривожлантириш ва ўз мамлакатида дунёдаги энг самарали темир йўллардан бирини яратиш орқали муаммони ҳал қилиш бўйича ўз ёндашувларини самарадорлигини аллақачон намойиш этди. Мамлакатларимиз ўртасида эришилган келишувлар эса Россиянинг илғор тажрибасини Ўзбекистонда қўллашга хизмат қилади.
Шарҳлар