Нега жамиятимиз қашшоқ. Учинчи қисм

Источник: Joel Heard/unsplash.com

Мақоламизнинг биринчи қисмида нотўғри танланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш модели ҳақида, шунингдек хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳурмат қилмаслик ва маъмурий бошқарувчиликка урғу берилаётгани тўғрисида сўз борганди. Мақоланинг иккинчи қисмида молиявий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров бизнесда нотўғри йўналиш олиш ва жамиятда ишончнинг йўқлиги ҳақида ёзади.

Жамиятнинг иккига ажралиши

Пандемия ва унинг оқибатлари аҳоли манфаатларига зид равишда давлат-хусусий ва монополистик манфаатларнинг қўшилишига асосланган маъмурий бошқарувчиликнинг зарарли эканини намойиш этди. Локдаун шароитларида давлатнинг аҳолини, кичик бизнесни ҳимоя қилишдан воз кечиши ва одамларни яшаш учун пул ишлаб топиш, волонтёрлар ва хусусий корхоналарни аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш бўйича давлат бажариши керак бўлган функцияларни бажариш имкониятларидан маҳрум қилиш, фуқароларнинг хусусий эркинликларига шафқатсиз ҳужум қилиш, хусусан, велосипедларни олиб қўйиш, ҳеч қандай қонун ва ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган жарималар – буларнинг ҳаммаси давлат ижтимоий йўналишга мўлжал олиш ҳақида ўйламаётганини кўрсатди.

Бу ҳолат Инқирозга қарши жамғармани шакллантириш ва ундан фойдаланиш жараёнида янада мустаҳкамланди, жамғарма фақат давлат ва амалдорларга яқин компанияларни ҳимоя қилди, холос.

Пандемия 2020 йилда  ҳам ниҳоясига етмади, у ҳозирги кунга қадар давом этмоқда, унинг таъсирини ҳали узоқ вақтгача ҳис қиламиз. Агар ҳозирги реал сиёсат давом этса, жамият даромади бўйича ҳам, имкониятлари бўйича ҳам иккига ажралишда давом этади, аҳолининг мамлакатдан чиқиб кетиши ошади, ижтимоий кескинлик кучаяди, таълим ва ахлоқ даражаси тушиб кетади. Ахлоқсизлик эса – ҳар қандай жамият тубанликка юз тутишининг асосидир.

Американинг Social Progress Imperative ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистон 163 та мамлакат орасида ижтимоий ривожланиш даражаси бўйича 91-ўринда эди. Ушбу кўрсаткич уй-жой ва тиббий хизматларнинг имконлилиги, технологиялар ва таълимдан фойдаланиш имконияти, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси, танлаш ҳуқуқининг тақдим этилиши каби базавий қадриятларни бирлаштирган.  Тўрт йилдан кейин эса – 2020 йил якунлари бўйича, Ўзбекистон 102-ўринга тушиб кетди, кичкина Грузия эса 56-ўринни, Украина 62-ўринни эгаллади. Турли рейтингларга, шу жумладан бунисига ҳам, танқидий қараш мумкин, албатта.

Бироқ, айнан улар инвесторлар, ҳамкорлар, шунчаки оддий одамлар қарайдиган ва хулоса қиладиган ўлчов ҳисобланади. Бундай ҳолатларда кимлигингнинг аҳамияти йўқ, сен ҳақингда нима деб ўйлашлари аҳамиятли.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 9 ойи ичида аҳоли боши сонига тўғри келадиган реал умумий даромад 9604,9 минг сўмни ташкил қилган, 2020 йилнинг худди шу давридаги ўсиш 8,3% ни ташкил қилган. Гўёки ушбу рақам инфляция таъсирини акс эттирган эмиш, аммо де-факто инфляцияни бу тарзда ҳисоблаш истеъмол нархларининг, саноат товарлари, дори-дармонлар, тиббий хизматлар ва таълим нархларининг реал ўсишини мутлақо акс эттирмайди.

Аҳоли сони бошига тўғри келадиган ойига 100 доллар даромад – бу мамлакат бўйлаб ўртача кўрсаткич, унда аҳолининг 50% умумий даромаднинг 30% дан камига эга, даромаднинг қолган 70% эса – қолган 50% ники. Бошқача қилиб айтганда, аҳолининг 70% ойига киши бошига 50 доллардан кам даромад билан яшамоқда.

Даромаднинг йўқлиги бевосита таълим даражасида, ҳаётий кўникмаларга эга бўлишда ҳамда ёшларнинг рақамлаштириш соҳасида ҳеч бўлмаганда оддий нарсаларни  билишини талаб қилувчи реал ҳаёт шароитларига мослашувчанлигида акс этади.

Шундай қилиб, оила қанчалик камбағал бўлса, унда болаларни ўқитиш имкониятлари ва турмуш шароитларини яхшилашга бўлган умид шунчалик кам бўлади. Оилалар фарзандларидан бирортаси “одам бўлиши” умидида 5-6 та болага эга бўладиган ҳолатлар энди иш бермай қўйди. Ёшлар малакасиз ишчи кучи сафини тўлдириб бормоқда, Ўзбекистонда бундай кучга талаб йўқлиги учун, у ташқарига чиқиб кетяпти. Хусусан, ИИВ ва Россия миграция хизматларининг маълумотларига кўра, 2021 йил январидан сентябрь ойигача бўлган давр ичида пул ишлаш учун Ўзбекистондан Россияга 3 млн дан ортиқ киши кетган.

Бу одамларнинг оилалари давлат ёрдам беради деган ишончдан ёки камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш дастуридан, таълим олиш, қайта ўқиб-ўрганиш ва ишга ёлланиш дастуридан маҳрум. Айнан шу боис ҳам уларнинг фарзандлари четда – ўз бахтини излаб кетган.

Бу орада эса бошқа бир институционал муқобил ўзини куттириб ўтиргани йўқ, у шу заҳотиёқ бўш жойни эгаллаб олди – бу ўзининг вертикал жалб қилиш, ишонтириш, сингдириш ва сафарбар қилиш тузилмасига эга дин.

Агар биз илгарилари давлат ва диннинг бир-биридан алоҳида эканига ишониб келган бўлсак, ҳозир давлат дин арбобларидан тинч яшаш ва итоаткорлик ғояларини тарғиб қилиш учун фойдаланишга уринаётганини аниқ кўряпмиз. Аммо ҳар қандай келишув иккита манфаатдор томонга эга бўлади. Бунинг эвазига дин янги масжидлар очилишини, масжидларда муллаларнинг гап-сўзларига нисбатан кўпроқ толерантликни, ислом ва ислом тарбияси ғояларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини талаб қилаётир.

Агар биз илгарилари масжидларда муллалар ҳокимиятнинг у ёки бу ҳаракатларини танқид қилганини ҳеч қачон кўрмаган бўлсак, ҳозир – марҳамат: ҳокимият ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларга қатор изоҳларни кўриш мумкин. Бундай бўш қўйиш адекват мувозанатлаштирувчи куч ва мафкура бўлмаса, нималарга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилиш қўрқинчли.

Жамиятнинг атеистларга, ҳозирги ҳаёт воқеликларини тан оладиган ўртача эътиқодлиларга ҳамда салафийлар ва ваҳҳобийлар сингари фундаментал исломнинг ашаддий тарафдорларига бўлиниб кетиши яққол кўзга ташланмоқда. Дин етакчиларининг адабиётлар, кийим-кечак, маиший удумлар ва, умуман, ҳаёт тарзини танлашга таъсир кўрсатишга уринишлари кўзга ташланиб қолди. Мафкура бўшлиқни ёқтирмайди, шу боис бирлаштирувчи давлат мафкураси мавжуд бўлмаган шароитларда дин муқобил мафкура ролини ўйнай бошлади.

Шу билан бирга, ҳозирча расмий имомлар ёшларнинг катта қисмини ашаддий характердаги хавфли оқимлар ва дунёқарашлардан асрашга ёрдам бермоқда.

Ҳозирча ечим бор

Биринчидан. Энг аввало, биз жамиятда давлатга бўлган ишончни тиклашимиз керак. Бу ерда бизда қандай институтлар, ишчи қўллар ва имкониятлар борлигини аниқ белгилаб олишимиз зарур. Мамлакат президенти Конституцияни янада ижтимоий йўналтирилганроқ қилган ҳолда, уни ўзгартиришни таклиф этди.

Бу ҳолда, унда нафақат фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, балки ушбу ҳуқуқларга амал қилинишини кафолатловчи барча усуллар ва институтлар ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига амал қилмаганлик учун президентдан тортиб, то ҳокимгача, вазирдан тортиб, то ҳар қандай давлат хизматчисигача бўлган ҳокимиятнинг ҳар бир институтининг  конкрет жавобгарлиги аниқ белгиланиши зарур.

Охиргиси юзага келган вазиятда айбдор бўлган амалдордан, президент ва ҳокимдан, ҳукумат вазири ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг раҳбарларидан, уларнинг ходимларидан ҳокимиятни олиб қўйиш батафсил белгилаб қўйилганидагина бўлиши мумкин.

Шу маънода ҳокимларнинг ҳуқуқлари, иқтисодий имкониятлари ва халқ олдидаги жавобгарлигини аниқ белгилаган ҳолда уларни сайлашга ўтиш, юқоридан пастгача бўлган ҳокимиятнинг барча даражаларида сайланиш муддатларини чеклаш, бу борадаги биринчи жиддий қадам бўлган бўларди.

Иккинчидан, охирги беш йил ичида қабул қилинган президент ва ҳукумат фармонлари, қарорлари ва фармойишларини инвентаризация қилиш ҳамда индивидуал ва тор гуруҳли характерга эга барча имтиёзлар ва индульгенцияларни бекор қилиш лозим.

Учинчидан, хўжалик юритувчи  субъектларга бюджетдан ажратиладиган ҳар қандай субвенциялар ва компенсацияларни жиддий кесиб ташлаган (тўлиқ бекор қилган) ҳолда давлат мактаблари, мактабгача бўлган муассасалар, маърифат, маданият ва маънавий ривожланиш муассасалари қурилишига кўпроқ маблағ ажратиш керак. Бюджетнинг инвестиция қисмини қайта кўриб чиқиш ва уни жиддий қисқартириш, маблағларни шаҳарлар ва қишлоқларнинг муҳандислик инфратузилмавий ҳолатини (йўллар, сув қувурлари, шаҳар ичидаги ва ташқарисидаги газ қувурлари, канализация, энергетика ва бошқа муҳандислик тармоқлари)  яхшилашга йўналтириш зарур.

Тўртинчидан, қўшимча солиқлар ўрнига тўғридан-тўғри солиқларнинг ролини ошириш ва кичик бизнесга тушадиган солиқ юкини камайтириш учун мавжуд солиқ тизимини қайта кўриб чиқиш лозим. Жамиятда таклифлар кўп эди, уларни танқидий кўз билан кўриб чиқиб, қўллаш зарур. Худди шу тарзда ташқи савдодаги барча тарифли ва нотарифли чекловларни ҳаммага бир хил қоида бўлиши учун қайта кўриб чиқиш керак, яъни бизда ишлаб чиқарилмайдиган ва катта инвестицион қўйилмаларни талаб қиладиган барча маҳсулотлар, бутун тайёр машинасозлик маҳсулоти, хомашё ресурслари (бизда кўп миқдорда борларидан ташқари) импорт божларидан озод қилиниши зарур.

Бешинчидан, қишлоқ хўжалиги бўлмаган ерларга хусусий мулкни жорий этиш ва бу ҳуқуққа сўзсиз риоя қилиш керак. Бу йўналишдаги дастлабки қадамлар мамлакат президенти томонидан белгилаб берилди. Қишлоқ хўжалигига кирмайдиган ерларга бўлган ҳуқуқ ҳокимларнинг эмас, жойлардаги Халқ депутатлари кенгашлари кўринишида жамоатчилик назорати остида бўлиши керак.

Олтинчидан, ҳокимлар ва бошқа давлат бошқарувчиларининг тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан тижорат банклари ва бошқа молиявий тузилмаларнинг фаолиятига аралашувини қатъий тақиқлаш тўғрисидаги қонунчиликка сўзсиз амал қилинишини таъминлаш зарур. Давлатнинг бу борадаги ниятлари жиддий эканлигини кўрсатиш учун очиқ суд жараёнларини ўтказиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Еттинчидан, давлат аппарати, вазирликлар, агентликлар сонини жиддий қисқартириш зарур, чунки вазифалар такрорланадиган ҳолатлар жуда кўп.

Ва энг охиргиси – бюджет харажатларини, давлат ва квазидавлат харажатларини қисқартириш лозим. Мақсад – 10 йил ичида мамлакатнинг консолидацияланган дефитцитсиз бюджети миқдорини ЯИМнинг 13-15% гача етказиш.

Умуман олганда, жамиятга, биз 5-10 йил ичида қандай конкрет ва ўлчанадиган ижтимоий ривожланиш кўрсаткичларини кутаётганимизни ва бунинг эвазига давлат жамият ва ижтимоий институтлардан нималарни талаб қилишини кўрсатиши керак бўлган янги ижтимоий шартнома таклиф этилиши керак.

Абдулла Абдуқодиров

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.