Рақамли маркировка тўлиқ жорий этилганидан кейин бозорга нима бўлади
Тамаки маҳсулотлари, шунингдек, алкоголь истеъмоли ҳам соғлиқ учун зарарли бўлган одатларга асосланган товар ҳисобланади. Айнан шу омил кўплаб давлатларга тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва истеъмол қилиш учун турли хил солиқларнинг юқори ставкаларини белгилаш имконини беради.
Ҳеч кимга сир эмаски, мамлакатлар сигарета истеъмолига бюджетни тўлдириш манбаи сифатида қарашади. Дунёнинг йирик тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг таъкидлашича, одатда ишлаб чиқариладиган ёки импорт қилинадиган тамаки учун акциздан олинадиган даромад мамлакатларнинг давлат бюджетларига тушумларнинг 1% дан 5% гачасини ташкил қилади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2 фоизни ташкил этади. Давлат юқори солиқ ставкаларини ўрнатар экан, иккита мақсадни кўзлайди:
– биринчидан, маҳсулотни қимматроқ, демакки, харидни имконсизроқ қилиш;
– иккинчидан, бюджетга кўпроқ пул йиғиш.
Бироқ, агар давлат тамаки маҳсулотларининг импорти ва ишлаб чиқарилишини назорат қилишнинг самарали механизмини яратмаган бўлса ва акциз солиғи юқори ва қимматроқ бўлган, хусусан, ишлаб чиқариш босқичида самарали назорат тизимига, аммо импорт босқичида самарасиз назорат тизимига эга бўлган мамлакатларга тамаки акциз солиғи паст бўлган (ёки уни қўллашнинг самарасиз тизимига эга) мамлакатлардан тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга йўл қўйса, бу иккала мақсад ҳам амалга ошмайди.
Ушбу муаммонинг бошқа турлари ҳам бор: кўпгина мамлакатларда контрабанда – акциз солиғи умуман тўланмаган ноқонуний маҳсулотлар мавжуд.
Харидор ҳар доим ҳам одатий бир пачка сигаретани сотиб олиш имконига эга эмас. Кўпинча унинг хоҳиш-истакларини билган сотувчи харидорга арзонроқ нархда “ўхшаш сигареталар” борлигини маълум қилади ва уларни сотиб олишни таклиф этади. Албатта, чекувчи таваккал қилади, чунки у келиб чиқиши ва сифати номаълум бўлган маҳсулот қалбаки эканини билмайди.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Маҳсулотларнинг айрим турларини мажбурий рақамли маркировка қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 833-сонли қарори қабул қилинди. Қарор сигареталарни рақамли кодлашни кўзда тутади. Ҳужжатдан кўриниб турибдики, рақамли маркировка коди маркировка объекти заводдан истеъмолчига, маҳсулотни муомалага киритишдан, то товарни муомаладан чиқаришгача бўлган бутун ҳаракат занжирини реал вақт режимида назорат қилиш имконини беради. Товар харид қилинаётганда код сканердан ўтказилади, шундан сўнг товарлар муомаладан чиқарилгани ҳақидаги маълумотлар божхона ва солиқ органлари томонидан назорат қилинадиган электрон тизимга узатилади.
2021 йилда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган тамаки маҳсулотларини маркировка қилиш технологияси Россиянинг истиқболли технологияларни ривожлантириш марказининг шўба корхонаси ҳисобланган CRPT TURON компанияси томонидан Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда жорий этилганди. Компания ҳукумат кўмагида миллий маркировка қилиш тизими – “ Asl Belgisi”ни, шунингдек, истеъмолчиларга ҳам, назорат қилувчи органларга ҳам сотилаётган товарларнинг ҳақиқийлигини текшириш имконини берувчи худди шу номдаги иловани (Android ва Apple смартфонлари учун мавжуд) ишлаб чиқди.
Тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар биринчилардан бўлиб янгиликни синаб кўришди. Истеъмолчининг ўзи товарларни рақамли маркировка қилиш ва қонунийлигини текшириш учун мўлжалланган мобил иловадан фойдаланган ҳолда харид қилинган маҳсулот сифати ва ишончлилигини текшириши мумкин.
Контрабанда ва контрафакт маҳсулотлар улушини камайтириш давлат аҳамиятига молик вазифадир, чунки давлат истеъмол товарлари ноқонуний айланмасининг олдини олиш билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун иш ўринларини сақлаб қолиш ва кенгайтиришга интилмоқда, улар ўзларининг бозордаги улушини маҳсулотни чиқариш ҳажмларини ошириш ҳисобидан кўпайтиришлари мумкин.
Ишлаб чиқаришнинг аниқ бозор эҳтиёжларига йўналтирилганлиги тадбиркорлик субъектларига “Аниқ ўз вақтида” тамойили бўйича ишлаш имконини беради.
Худди шундай оптимистик прогнозлар Ўзбекистонда акциз маркалари жорий этилганида қилинган эди. Бироқ, контрабандачилар уларни сохталаштиришни ўрганди ва энг ачинарлиси, ҳозир савдода ҳатто акциз маркаларисиз ҳам кўплаб «контрабанда» сигареталар мавжуд. Бундай маҳсулот шунчалик ноқонунийки, давлат унинг мавжудлигини ҳатто билмайди ҳам. Тошкент шаҳрида ишлаб чиқарувчиларнинг контрафакт тамаки маҳсулотларини реализация қилиш улуши 2022 йил январь-май ойларида 11% дан 15,3% гача, айрим вилоятларда эса 0% дан 15% гача ошганини қайд этишнинг ўзи кифоя (Kantar халқаро компаниясининг тадқиқотларидан олинган маълумотлар бўйича).
Матбуотда Ўзбекистоннинг айрим қўшни давлатлар билан чегарасида бир қанча ер ости туннеллари борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Ҳозирча Чегара қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси томонидан хизмат текширув натижалари ҳақида маълумот йўқ. Бироқ, бу жуда қулай контрабанда канали, деб тахмин қилиш мумкин, бунинг устига сигареталар ушбу жиноий савдонинг энг зарарсиз объекти бўлиши ҳам мумкин.
“Asl belgisi” маҳсулотларни маркировка қилиш ва назорат қилиш миллий ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва CRPT TURON масъулияти чекланган жамияти ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар асосида ҳали контрабанда ва контрафакт маҳсулотларга қарши курашишда ўзининг самарадорлигини исботлаши керак.
Ҳозирча эса Давлат солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси, ички ишлар органлари томонидан контрафакт товарлар сотилаётган савдо нуқталарини, энг муҳими эса, контрабанда товарларининг йирик ва кичик етказиб берувчиларини аниқлаш бўйича ўтказилаётган қўшма рейдларни ҳеч ким бекор қилмаган ва бекор қила олмайди.
CRPT TURON менежери Фазлиддин Сайдуллаев Anhor.uz сайтига берган интервьюсида контрафакт маҳсулотларни камайтириш иши истеъмолчиларнинг кўмагисиз амалга ошмаслигини ва маҳсулотнинг сифати ва асллиги устидан жамоатчилик назорати маркировка қилиш тизимининг асосий элементларидан бирига айланиши кераклигини таъкидлади.
Давлат жамиятни контрабандага қарши курашишга мотивацияламоқда
Ҳар бир қутининг қонунийлигини текшириш учун миллий маркировка қилиш тизимининг оператори томонидан “Asl Belgisi” смартфон иловаси ишлаб чиқилган.
Бироқ, истеъмолчилар томонидан мотивацияни танлашда (шубҳали сигарет қутисини арзонроқ сотиб олиш ёки қимматроқ сотиб олиш, лекин сифатига ишонч ҳосил қилиш) ишлаб чиқарувчиларнинг далиллари унчалик ишонарли кўринмаяпти. Шу сабабли энди маркировка қилувчилар ДСҚнинг ташаббусига қўшилишни ва солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатлари ҳақида, шу жумладан мажбурий маркировка қилиш қоидалари бузилиши ҳолатлари ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга пул мукофотларини тўлашни таклиф қиляпти. Президент қарорига кўра, бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган шахслар қонунбузарлар тўлаган жариманинг 20 фоизини олади.
Фуқаролар, шунингдек, на оммавий ахборот воситаларида қалбаки маҳсулотларнинг эҳтимолий зарари ҳақидаги хабарларни, на контрафакт маҳсулотларни йўқ қилиш бўйича йирик акцияларни, на бундай маҳсулотларни етказиб берганлик учун жавобгарларнинг жазоланишини кўрмоқда. Пора эвазига контрабанда сигарета ва дори-дармонларни олиб ўтишга “кўзини юмган ва ҳозирга қадар кўзини юмаётган” чегарачилар, божхоначиларнинг ҳеч бири жазолангани йўқ. Кўплаб сигарета қутилари орасида бир кун келиб наркотик моддалар ёки қурол, портловчи моддалар бозорга кирмаслигига ким кафолат бера олади.
Контрабандага қарши курашишга жамиятни кенг жалб этиш билан бир қаторда, контрафактга қарши курашишнинг ўз исботини топган ҳуқуқ-тартибот идоралари, Давлат солиқ қўмитаси ва Божхона қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳамкорлигида ўтказилаётган рейдларни ҳам унутмаслик керак.
Янги тизим контрабандага чек қўя оладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум, чунки илгари катта умид боғланган акциз маркалари амалда ўзини оқламади – уларни четлаб ўтишни ўрганишди. Рақамли маркировка тўлиқ амалга оширилганидан сўнг бозорда нималар бўлишини вақт кўрсатади.
Абдулла Абдуқодиров
Икром Абдулла
Шарҳлар