Ўзбекистон: миллий валютанинг қулаши, гиперинфляция, дефолт. Ҳақиқатми ёки афсона?

Источник: Mathieu Stern/unsplash.com

Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ташқи савдо айланмасининг таркиби ва динамикаси, ташқи қарзи, олтин-валюта захиралари каби қатор молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари таҳлили яқин келажакда ҳам миллий валютанинг сезиларли даражада қулаши (1,5-2,5 баравар), мўътадил инфляциядан биринчи навбатда кескин (10% дан 50% гача), кейин эса гиперинфляцияга (50% дан ортиқ) ўтиши, бу эса давлат кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажара олмаганида, ўз навбатида, суверен дефолтга олиб келиши эҳтимоли мавжудлигини башорат қилишга барча асосларни беради.

Шубҳасиз, ноаниқ манзара пайдо бўлади. Бу мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўнгилсиз натижаси бўлиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди, бу кўпинча аффилланган шахслар ва ташкилотларни янада бойитишнинг янги механизмларини яратиш билан боғлиқ. Ҳарҳолда, биргаликдаги қарорлар орқали сиёсий элитанинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан жамоатчилик назоратининг самарали воситаларини топиш учун ҳалокатли сценарийларни ишлаб чиқиш имкониятларини ҳисобга олиш зарур. Ҳозирча одамда уларнинг кўпчилиги маркиз де Помпадурнинг “биздан кейин, дунёни сув босмайдими” деган ақидасига эътиқод қилаётгандек таассурот пайдо бўлади.

Ўтган 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо тақчиллиги яна бир рекорд даражага – 8,9 миллиард долларга етди.Хўш, ташқи савдо тақчиллиги ёки, яна бир номи, ташқи савдо балансининг салбий сальдоси нима? Бу импорт ҳажми экспорт ҳажмидан ошиб кетганда ёки оддийроқ айтганда, мамлакат бошқа мамлакатлардан товар ва хизматларни сотганидан кўра кўпроқ сотиб олганида юз беради. Таъкидлаш жоизки, ташқи савдо баланси мамлакат иқтисодиёти ҳолатининг асосий кўрсаткичларидан биридир. Унинг салбий қиймати миллий валютанинг айирбошлаш курсига сезиларли босим ўтказади, унинг харид қобилиятининг пасайишига олиб келади, бу эса бутун давлат иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир қилади. Нафақат хорижий инвесторлар, балки, шу жумладан, маҳаллий сармоядорларни мамлакатдан капитални олиб чиқишга ундаш орқали, ўзимизнинг инвесторлар учун ҳам салбий таъсири бўлади Бу эса аллақачон суверен дефолт учун замин яратмоқда. Энди мен бу қандай содир бўлишини тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Биринчидан, ташқи савдо тақчиллиги миллий валюта курси ва харид қобилиятига қандай таъсир қилишини кўриб чиқамиз. Бунинг учун эслатиб ўтмоқчиманки, ташқи бозорларда ўзгармас валютага сотиб олинган товар ва хизматлар импорт қилувчилар томонидан ички бозорда, яъни Ўзбекистонда сўмга сотилади ва кейинчалик ташқи иқтисодий фаолиятни давом эттириш, шунингдек кредитларни қайтариш учун чет эл валютасига конвертация қилиш зарур.. Аммо бу валюта қаердан келади? Аввало, экспортчиларнинг даромадларидан. Лекин, юқорида таъкидланганидек, 2021-йил якунларига кўра, бу импортчилар харажатларидан 8,9 миллиард долларга кам бўлган. Лекин бу ҳаммаси эмас. Экспортчилар валютанинг бир қисмини солиқларни, маҳаллий кредитларни, иш ҳақини, логистика харажатларини тўлаш ва бошқалар учун сарфлайди. Бироқ, экспортчиларга барча тушумни чет эл валютасида сотиш фойдали эмас.

Ўзбекистондаги очиқ манбаларда экспорт тушумларининг қайси қисми миллий валютага айлантирилиши, яъни маҳаллий валюта бозорига чиқарилиши ҳақида статистика маълумотлари йўқ. Аммо валюта тушумининг ярми сўмга айланаётган вазиятни тақлид қилишга ҳаракат қиламиз.

2021 йилда экспорт ҳажми 36,3 миллиард долларни ташкил этди, бу потенциал импортёрлар 18,15 миллиард доллар сотиб олишлари мумкинлигини англатади.Аммо бошқа мамлакатлардан товарлар ва хизматларни ҳеч бўлмаганда, ҳатто бир хил ҳажмда, ўзгармас нархда сотиб олиш учун яна 18,15 миллиард доллар етишмайдики, буни экспорт қилувчилар сотишмайди. Бу миқдорга ташқи савдо тақчиллиги ҳажмини ҳам қўшишимиз керак — 8,85 миллиард доллар. Жами ҳажм ва нархлар ўзгармаган ҳолда импорт қилувчиларнинг эҳтиёжларини қондириш учун камида 27 миллиард доллар етишмайди.

Шу билан бирга, шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Ўзбекистон ҳар йили ташқи қарзини тўлаш учун чет эл валютасини сарфлашга мажбур бўлаяпти. 2021 йил учун маълумотлар фақат март ойида оммага эълон қилинади, шунинг учун келинг, ўтган йилги рақамларни олайлик, улар бўйича хорижий кредиторларга тахминан 3,5 миллиард доллар тўлашимиз керак эдики, бу ҳам осмондан тушмайди. Уларни ҳам шу 27 миллиард долларга қўшсак, ҳозирда ички валюта бозоридаги хорижий валюта тақчиллиги 2020 йилда камида 30,5 миллиард долларга етади. Аммо бу рақам бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, чунки эслатиб ўтаман, биз импорт ўсишини ҳисобга олмадик ва 2020 йилда ташқи қарзни тўлаш бўйича маълумотларни қўлладик.

Шундай қилиб, импорт қилувчиларнинг хорижий валютага шартли талабини қондириш, янги амалиётларни амалга ошириши, Молия вазирлигининг эса ташқи қарзнинг бир қисмини ва у бўйича фоизларни тўлаши учун камида 30,5 миллиард доллар етишмаяпти. Маҳсулотга бўлган талаб унинг таклифидан ошиб кетган бўлса (бу ҳолатда чет эл валютасига),  у шунчалик қиммат туришини ва шунга мос равишда миллий валюта мутаносиб равишда арзонлашишини (девальвация қилинишини) тушунтириш шарт бўлмаса керак.

Тасаввур қилинг-а, кичик бозорда ўнта онахон ўн челак қулупнай сотишга ҳаракат қилмоқда,  фақат бир челак қулупнай сотиб олмоқчи бўлган харидорлар эса иккита. Кўриб турганимиздек, таклиф талабдан ошиб, қулупнай нархи тушиб кетмоқда. Аммо, агар иккита сотувчи ва ўнлаб харидор бўлса, унда қулупнай нархи кўтарилади.

Лекин ҳозирча валюта тақчиллигини қандай қоплаш мумкин, саккиз челак қулупнай тақчиллиги қандай тўлдирилаяпти? Бунга ҳар йили оилалари яшаш учун сарфлаётган, демакки бозорга олиб чиқадиган 5-6 миллиард долларни уйларига жўнатаётган меҳнат муҳожирлари ёрдам бермоқда. Аммо камомаднинг асосий қопланиши бозорга мамлакат олтин-валюта захираларидан чет эл валютасини олиб чиқиб, кўпинча давлатнинг олтин заҳираларини сотадиган Марказий банкнинг валюта интервенцияларидан келиб чиқади. 2020 йил сентябрь ойида миллий валютанинг қулаши ёдингиздами, – ўшанда Ўзбекистон Республика валюта биржасида доллар ўзининг тарихий максимал қийматини қарийб ўн марта янгилаган эди. Умуман олганда, ўша йили ўзбек сўми долларга нисбатан 10 фоиздан кўпроқ, еврога нисбатан эса 20 фоизга қадрсизланганди.

Бу фарқ 2020 йилда доллар бошқа асосий жаҳон валюталарига нисбатан қулагани сабабли пайдо бўлди. Масалан, долларнинг еврога нисбатан курси 1 апрелда қайд этилган минимал қийматидан (1 евродан 1,0961 долларгача) 1 декабрдаги максимал қийматигача (1 евродан 1,2205 доллар) 11,3 фоизга қадрсизланган. Уолл-стрит таҳлилчиларига кўра, АҚШ валютасининг пасайишига август ойига келиб 63,5 миллиард долларга етган, яъни сўнгги 12 йилдаги энг катта ҳажм бўлган ва АҚШ нефт экспортини ҳисобга олмаганда,  тарихий максимал 65,5 миллиард долларни ташкил этган  АҚШнинг катта ташқи савдо тақчиллиги асосий сабаб бўлди. Ўзбекистон банклари ўз активларининг бир қисмини еврога конвертация қила бошладилар, бу эса Европа Иттифоқи валютасининг нархини ва сўмнинг долларга нисбатан ва сўмнинг еврога нисбатан девальвацияси ўртасидаги фарқни оширди.

Республика Марказий банкининг валюта интервенцияларига қайтадиган бўлсак, шуни таъкидлайманки, ўшанда молия регулятори ички бозорни хорижий валюта билан тўлдириш ва сўм курсининг янада тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида бир ой ичида Швейцария банкларига 30 тоннадан ортиқ олтин сотган. Шуни унутмангки, 2020-йилда жаҳон бозорларида олтин котировкалари жуда қулай бўлиб, август ойида бир унция учун деярли 2,1 минг долларни ташкил этган энг юқори даражага етганди, бу, албатта, Ўзбекистон валюта бозорини барқарорлаштириш учун жуда ўз вақтида бўлди.

Жаҳон бозорларида олтиннинг ўтган йилги баҳоси ҳам Марказий банк учун қулай бўлди, бу эса активларни анча ликвид ва инвесторлар учун жозибадор қилди. Лекин шуни тушуниш керакки, энг йирик экспорт маҳсулотимиз – олтиннинг қиймати узоқ муддат у ёқда турсин, ўрта муддатли истиқболда ҳам ҳеч қачон барқарор бўлиб қолмаган. Олтин нархи эртами кечми яна тушиши мумкин. Бу илгари содир бўлган, шунингдек узоқ ўтмишда  эмас. 2011-йилда нарх бир унция учун 1,95 минг долларгача кўтарилганидан сўнг, 2013 йил охиридан 2019 йилнинг ўрталаригача олтин котировкалари бир унция учун 1,4 минг доллардан ошмади, уларнинг минимал қиймати эса 1,02 минг долларга етди. Демак, олтин нархи исталган вақтда шундай тушиши мумкин  ва у миллий валютанинг янада жиддий қулашининг олдини ололмайди, бу шубҳасиз ва сезиларли даражада инфляцияни тезлаштиради, чунки истеъмол бозори импортга жиддий боғлиқдир.

Шуни ҳам тушуниш керакки, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ташқи савдо тақчиллиги ва ташқи қарз каби суръатларда ўсиши мумкин эмас. Шундай қилиб, агар биринчиси 2018 йилдан 2021 йилгача 33,5 фоизга ошган бўлса (асосан олтин нархининг ўсиши ҳисобига), у ҳолда ташқи савдонинг салбий сальдоси – 67,3 фоизга ва унинг давлат “ақчадони”га нисбати – 20, 1 дан 24,2 фоизгача ўсди, яъни бу олтин-валюта захираларининг деярли чорак қисми, демакдир. Шу билан бирга, давлат қарзи 117 фоизга, унинг ялпи ички маҳсулотга нисбати  эса 2018 йилдаги 25,4 фоиздан 2021 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 58 фоизга ошди.

Кўриниб турибдики, бу рақамлар олий мансабдор шахслар ватанпарварлик руҳидаги чиқишларида бу ҳақда сукут сақлашни маъқул кўраётганЎзбекистон учун ҳеч қандай ёрқин истиқболлар йўқлигини очиқ намойиш қилмоқда.

Ўйлайманки, мамлакат “қайтиб бўлмайдиган нуқта” деб аталувчи нуқтадан ўтадиган, ҳозирча жамият ёки давлат манфаатларига жавоб бермайдиган, фақат айрим корхоналар ва шахслар гуруҳлари учун қулай бўлган норационал иқтисодий сиёсат оқибатларининг олдини олишга ҳеч қандай чоралар ёрдам бермай қоладиган кун узоқ эмас.

Мамлакатда ташқи қарзлар сиёсатини, давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишни, кичик ва ўрта бизнесни реал қўллаб-қувватлашни, шу жумладан солиқ юкини соддалаштириш ва камайтириш, юқори рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш йўли билан кўриб чиқиш зарурати туғилди, бу эса маҳаллий фан, таълим, тажриба-конструкторлик бюролари, стартапларни молиялаштиришни кўпайтириш тартибини талаб қилади.

Шу билан бирга тушуниш керакки, коррупцияга қарши чинакам курашга, жумладан, коррупция жиноятлари учун жазони кучайтиришга, жойларда сайланадиган ижро ҳокимияти тизимини жорий этишга,самарали  жамоатчилик назоратининг самарали воситаларини яратишга ўтилмаса, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини уларнинг маънавий таназзулга юз тутиши каби сохта таҳдидлар остида “ниқоблаш” тўхтамаса, ҳеч қандай, ҳатто энг доҳиёна ечимлар ҳам мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни тубдан ўзгартиришга ёрдам бера олмайди.

Тиллахўжа Алимухамедов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.