Тошкентда Бобур номидаги Марказий экопарк очилди

Тошкентда Бобур номидаги Марказий экопарк очилди

10 июнь куни Бобур номи билан аталган Марказий экопарк очилди. У эски ҳайвонот боғининг ўрнида Абдулла Қодирий ва Махтумқули кўчаларининг кесишмасида жойлашган.

12 гектар майдонда соя-салқин хиёбонлар ва майсазорлардан ташқари югуриш ва велосипед йўллари, иккита теннис корти, мини-футбол, бадминтон, пляж волейболи  майдончалари мавжуд, шунингдек бу ерда воркаут учун тренажёрлар ва йога билан шуғулланиш айвони ҳам бор.

Экопаркда аттракционлар йўқ, аммо болалар учун ёғоч майдончалар ва арқонлар парки қурилган. 
 
Паркка иккита кириш жойи бор – унга Ц-1 тураржой мавзесидан ёки Махтумқули кўчаси томондан кириш мумкин. Унинг иккала томонидан машина қўйиш учун кичикроқ парковка ҳам мавжуд.   
 
Эски фонтаннинг реконструкцияси паркни янги форматга ўзгартириб юборди. Металл лента кўринишидаги конструкциядаги шарқона нақшлар жуда ўзига хос кўринади.

Парк марказида кўл билан ўралган кичкина оролча бор. Лойиҳа муаллифларининг ғоясига кўра, ушбу ҳудуд тўй фотосессиялари ва байрам тадбирлари учун жуда мос келади. Очилиш кунида орол ўзбек эстрадаси юлдузлари учун саҳна вазифасини бажарди.

Сув ҳавзасининг қирғоғида кичикроқ пирс барпо этилган. Бу ерда тез орада сувда сайр қилиш учун гондолалар пайдо бўлади.

Ҳозирча экопаркда иккита қаҳвахона ишлайди – биттаси пирсда сув ҳавзасининг ёнида, иккинчиси болалар майдончасининг ёнида. Уларда музқаймоқ, қаҳва, снэклар, пирожнийлар, бир сўз билан айтганда, паркдаги сайр пайтидаги энг мазали дақиқаларни таклиф қилишади.

Бу ерда дам олиш, спорт билан шуғулланиш, оилавий сайрни уюштириш, кўплаб фотосуратларни олиш мумкин. Ҳозирча парк лойиҳачиларнинг ғоясига кўра ўзининг тўлиқ қиёфасига эга эмас. Экопаркни яратиш бўйича барча ишлар куз мавсумининг бошларида якунланади.

Эслатиб ўтамиз, экопарк қурилиши 2017 йил январь ойида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг фармойишига биноан бошланган эди. Даставвал Марказий экопаркни Наврўз байрамига очиш режалаштирилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.