Венгрия Ўзбекистонда ўз элчихонасини очмоқда
2017 йил 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Венгриянинг Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийарто билан учрашди.
2016 йилнинг октябрь ва декабрь ойларида Брюссел ва Гамбург шаҳарларида бўлиб ўтган икки томонлама учрашувнинг давоми сифатида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон-Венгрия муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвеститсион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Давлатлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, бизнес ҳамжамияти, илмий доиралар, таълим муассасалари вакиллари, маданият ва санъат фаоллари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Учрашувда молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва таълим соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳалар амалий жиҳатдан муҳокама қилинди. Хусусан, Венгрия томони ўзбекистонлик талабалар таълим олишлари учун йилига 30 та стипендия ажратишни режалаштирмоқда.
Суҳбат давомида қайд этилганидек, бугун бўлиб ўтадиган Венгриянинг Тошкент шаҳридаги Элчихонасининг расмий очилиш маросими икки томонлама алоқаларни тизимли асосда мустаҳкамлаш ва кўп қиррали тус беришга имкон яратади.
Вазирлар минтақа ва халқаро майдондаги кун тартибига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.
Музокаралар якунланганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Венгрия Инсон ресурслари вазирлиги ўртасида 2017-2020 йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим вазирлар томонидан имзоланди.
Тадбирларда Венгрия Элчиси Петер Санто иштирок этди.
Манба: ТИВ сайти
Шарҳлар