Ўзбекистон Марказий банки: янги саҳифа

Ўзбекистон Марказий банки: янги саҳифа

2017 йил июнь ойи тарихга Ўзбекистон банк тизимидаги туб бурилиш сифатида киради. Мамлакат банки қайта молиялаштиришнинг янги ставкасини эълон қилди. Ҳар қандай мамлакатда ставкани 0.5 фоиз пунктга ошириш – бу ташвишланишга баҳона ҳисобланади, бизда эса ставка 9% дан 14% гача ошди. ЯИМ ўсиши 7% ни ташкил этгани ҳолда ставкани 14% гача оширишга хожат йўқ эди. Демак, статистикачиларнинг ўзи ЯИМнинг йиллик 7% ўсиши алдов эканини тан олишмоқда. Экспертлар “хунук” банк тизимининг интиҳоси бошлангани ва бу жараён одамлар учун оғриқсиз бўлмаслигини айтишмоқда.

Қайта молиялаштириш ставкаси иқтисодий жараёнларни тартибга солишнинг муҳим механизми сифатида хизмат қилади. Марказий банклар ҳам ундан ушбу жараёнларга таъсир қилишнинг устувор воситаси сифатида фойдаланади.

Қайта молиялаштириш ставкаси – бу ўзига хос иқтисодий мўлжал ҳамдир. Қайта молиялаштириш ставкаси миқдорининг оширилиши кредитлардан фойдаланишни чеклашга қаратилади ва бу билан инфляция ва девальвация жараёнлари барқарорлаштирилади. Шу билан бирга ушбу чора мамлакатдаги иқтисодий ўсишнинг секинлашувига ҳам олиб келади.  

Қайта молиялаштириш ставкаси асосий ҳисобга олиш ставкасидан иборат бўлиб, Ўзбекистон Марказий Банки шу ставка остида тижорат банкларига кредит ресурсларини тақдим этади. Ушбу ставка миқдори қанча катта бўлса, у хорижий инвесторларда шунчалик катта қизиқиш уйғотади. Чунки бунда банкларда депозитлар бўйича фоизларни ошириш имкони пайдо бўлади ва, шунга мос равишда, уларга эркин пул ҳажмини инвестиция қилиш манфаатли бўлади.

Бироқ қайта молиялаштириш ставкасининг ошиши мамлакатдаги кредит ресурслари қийматининг ўсишига ҳам олиб келади, бунинг натижасида кичик ва ўрта бизнес субъектларини кредитлаш сегменти жабр кўради. Шундай қилиб, бир томондан асосий ҳисобга олиш ставкасининг ошиши миллий валютага ижобий таъсир кўрсатиб, унинг курси ўсишига олиб келса, бошқа томондан, у ишсизлик даражасини оширади, бу эса ижтимоий жараёнларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Иқтисодчи Азизбек Юсуфовнинг фикрича, буларнинг ҳаммаси нормал фаолият кўрсатувчи бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда назарий ва амалий жиҳатдан мос тушади. Ўзбекистонда шу пайтга қадар юқорида тилга олинганларнинг кўпчилиги амалда қўлланмаган. Тижорат банклари  қайта молиялаштириш ставкаси бўйича МБдан кредит ололмасди ва бу ставка ўз функцияларини бажармай келаётганди. Бунинг устига ушбу ставка тижорат банклари учун чекловчи ставка вазифасини бажарган, чунки Ўзбекистон банкларига қонун асосида имтиёзли кредитлар бериш мажбуриятини юклашган, бу эса уларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатган.

«Қайта молиялаштириш ставкасини ошириш ҳақидаги қарор мажбурий ва зарурий соғломлаштирувчи чора ҳисобланади. Ушбу қарор қабул қилингунга қадар, олдинги (реал инфляция ушбу рақамдан анча юқори бўлган пайтдаги – фикримча, ҳеч ким инфляциянинг аниқ даражасини айта олмайди, лекин у икки қийматли рақамдан иборат эканига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ), яъни 9% лик қайта молиялаштириш ставкаси бўйича кредитларни ажратар экан, банклар ўз зарарига ишларди», – дейди Азизбек Юсуфов.
 
Иқтисодчининг фикрича, бундай молия-кредит сиёсати тижорат банкларида (биринчи навбатда давлат банкларида) пул тугаб қолишига олиб келган. Буни давлат томонидан тижорат банкларига $ 500 млн. маблағ берилгани ҳақидаги янгилик ҳам тасдиқлайди. Қайта молиялаштириш ставкасининг ошиши МБ томонидан тижорат банклари учун ресурсларни тақдим этиш имкониятини очиб беради.  

Энди бу оддий одамларнинг ҳаётига қандай таъсир қилиши ҳақида сўз юритамиз.
 
1. Кредитлар қимматроқ бўлади, энди яқин орада кредит олишни режалаштирган кишилар кредит олишдан олдин ўз имкониятларини яхшилаб ўйлаб кўришлари керак бўлади. Қайд этиб ўтамиз, кредит олишни хоҳловчилар сони маҳаллий автосаноат савдо сиёсатидаги охирги ўзгаришлар муносабати билан ошиб кетган эди.

2. Бизнес учун пул қимматлагани боис, ишлаб чиқаришда вақтинчалик сусайиш бўлишини кутиш мумкин.

3. Кредит олишга улгурганлар учун жуда қизиқарли вазият юзага келган. Айрим банклар кредит бериш пайтида фоиз ставкасини аниқ белгилаб қўйган. Бошқалари эса шартномага “Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси ўзгарган тақдирда, банк бир томонлама тартибда кредит бўйича фоиз ставкасини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга”, деган бандни киритган. Энди агар банклар ушбу фоизларни қайта кўриб чиқса, кредит олишга улгурган шахслар яна қўшимча харажатга тушишларини кутиш мумкин.

Хўш, кредит олиш имконияти қулайроқ бўладими? Қисқа муддатли келажакда – йўқ, чунки бугунги кунда банкларда ресурслар етарли эмас. МБ эса инфляциянинг юқори даражаси туфайли иқтисодиётга пул йўналтиришга қодир эмас. Ўрта муддатли истиқболда вазият яхши томонга ўзгариши мумкин.

Агар умуман олганда вазиятга баҳо берадиган бўлсак, Марказий банк ўз вазифасини энди бажара бошлаяпти, яъни мамлакатнинг монетар, кредит ва валюта сиёсатини юритмоқда.

Яқин келажакда ушбу сиёсатнинг реал натижаларини кутиш мумкин, бу эса кўп сонли истеъмол кредитларининг очилишини (биринчи навбатда, овердрафт билан), банклар орасида реал рақобатнинг ривожланишини билдиради.

Кейин эса “нақд” ва “нақдсиз” пул орасидаги фарқнинг камайишига ва охир-оқибатда йўқолишига ва албатта узоқ кутилган конвертациянинг очилишига олиб келади. Бироқ бу жараён оғриқсиз ўтмаслигини ҳам тушунишимиз керак.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.