Ахборот технологияларини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилди

Ахборот технологияларини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилди

Президент Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва «Ўзбектелеком» АКнинг Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказини (қуйида – Инновация маркази) ташкил этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. 

Инновация маркази экстерриториаллик принципи асосида ташкил қилинади. Бу резидентлар Ўзбекистоннинг исталган нуқтасида жойлашиши мумкинлигини билдиради.  

Қуйидагилар Инновация маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ички ва ташқи бозорларда сотишга қаратилган ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш; 

АКТ соҳасида рақобатдош лойиҳаларни ички ва ташқи бозорларда сотиш учун хорижий инвестицияларни жалб этишда Инновация маркази резидентларига кўмаклашиш; 

олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг «ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича битирувчиларининг ишга жойлаштирилишини таъминлашда, шу жумладан иқтидорли ёшлар томонидан «старт-ап» лойиҳаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлаш йўли билан иштирок этиш; 

қисқа муддатли ва ўрта муддатли ихтисослаштирилган курсларни ташкил этиш, шу жумладан чет эл мутахассисларини таклиф этиш йўли билан АКТ соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил қилиш; 

ёш тадбиркорлар томонидан ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги истиқболли йўналишлар бўйича инновация лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш. 

Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши ташкил этилди. 

Шунингдек унга қуйидагилар топширилди:
республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришда Инновация маркази фаолиятини тизимли мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш; 

Инновация марказининг фаолиятини такомиллаштириш ва ахборот технологиялари соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар учун шарт-шароитларни, шу жумладан илғор чет эл тажрибаси асосида яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш; 

юридик шахсларни Инновация маркази резидентлари сифатида рўйхатга олиш ва уларни резидент мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш; 

Инновация маркази резидентларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш. 

Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга: 

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан; 

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари); 

ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этилди. 

Манба: Ўзбекистон Президентининг сайти

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.