“Coca-Cola” заводи Ўзбекистондаги фаолиятини тиклайди
“Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston LTD” компанияси вакилларининг Anhor.uz мухбири билан суҳбатда тез орада завод ўз фаолиятини тиклашни режалаштираётгани маълум бўлди.
«Ҳозирча аниқ муддатни айта олмаймиз, қуйиш ишлари ҳам қачон бошланиши ҳозирча номаълум, аммо бу тез орада юз беради», – дейди компания вакили.
Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён завод профилактика ишлари муносабати билан ўз фаолиятини тўхтатганди.
Шу билан бирга, бу йил март ойида «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston LTD” компаниясидаги давлат улуши 57.12 фоизи Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Давлат активларини бошқариш маркази” ДУКга берилди.
Айтиш жоизки, завод анчадан буён ичимлик чиқармаяпти, дўкон пештахталарида турганлари эса 2013 йил охирида ишлаб чиқарилган партиядан. Буни ичимлик идишида кўрсатилган чиқарилиш санасидан ҳам билса бўлади. Шунингдек, мамлакатимизда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган “Coca-Cola” сотилмоқда, аммо у таъми бўйича Ўзбекистон заводида ишлаб чиқарилганидан фарқ қилади.
Шарҳлар