17 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанига етказилди
20 апрель куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда турли ҳодисалар оқибатида ҳалок бўлган 17 нафар юртдошимизнинг жасадини Ўзбекистонга етказди. Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати хабар беради.
Ҳалок бўлганларнинг жасадлари Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон йўналиши бўйича автомобиль транспортида етказилган ва уларнинг яшаш жойи бўйича мамлакат ҳудудларига жўнатилган. Агентликнинг қайд этишича, ўлимларнинг ҳеч бирини коронавирус инфекцияси келтириб чиқармаган.
Бундан олдин ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров Anhor.uz нашрига берган интервьюсида чегаралар ёпилиши муносабати билан вафот этган ўзбекистонликларнинг қариндошлари уларнинг жасадларини ватанига олиб чиқолмаётгани, Россияда дафн қилиш учун эса уларда маблағ йўқлиги ҳақида гапириб берганди. Экспертнинг маълумотларига кўра, ҳар йили Россияда турли сабабларга кўра Ўзбекистондан 800 га яқин меҳнат муҳожири ҳалок бўлмоқда.
Шарҳлар