Ўзбекистонда Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинади
Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу қарор асосида Молия вазирлиги ҳузурида Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги яратилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар беради.
Қарорга мувофиқ, суғуртачилар устав капиталининг минимал миқдори 2020-2022 йилларда босқичма-босқич оширилади; даромадларнинг 20 фоизигача миқдоридаги ажратмалар ҳисобига, уларни чегириладиган харажатларга киритган ҳолда шакллантириладиган суғурта ташкилоти захира жамғармасининг чекланган миқдори суғурта ташкилоти устав фондининг 50 фоизигача оширилади.
Шунингдек алоҳида суғурта турлари бўйича электрон полисларни расмийлаштириш механизми жорий этилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб:
– юридик шахслар – суғурта (қайта суғурта) брокерлари ва суғурта агентлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси комиссия мукофотининг 13 фоизи миқдорида белгиланади;
– суғурта ташкилотининг бошқа суғурта ташкилотлари устав фондларида иштирок этишига йўл қўйилмайди;
– суғурта захираларининг минимал даражаси белгиланади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ходимларини соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларининг “Суғурта иши” таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки бўлимларга тест синовлари ўтказилмасдан, белгиланган қабул квоталаридан ташқари пулли-контракт асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Шарҳлар