Кечки Анхор: 13 август янгиликлари

Шу йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон аэропортларида “Очиқ осмон” режими жорий этилади. Қарши, Бухоро, Нукус ва Термиз ана шу режим қўлланадиган шаҳарлар рўйхатига киритилди.
 
Ўзбекистон халқаро транзит хабига айлантирилади. Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига 1 сентябрга қадар E-ticket чипталарни онлайн сотишнинг шаффоф тизимини ишга тушириш топширилди. Унда чипталар бор-йўқлигини кўриб олиш мумкин бўлади. Ўзбекистонга амалга ошириладиган чартер рейсларига субсидиялар ҳам бериладиган бўлди: 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон туризм фаолияти билан шуғулланувчи субъектларга ёки авиаташувчиларга бошқа мамлакатлардан чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаб беради. 
 
Ўзбекистон ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) биргаликда Афғонистонда ҳудудий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. ОИИБ раҳбарининг қайд этишича, сўз транспорт инфратузилмаси ва энергетика соҳасидаги йирик лойиҳалар ҳақида бормоқда.
 
Хориж кинокомпанияларига харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади. Келаси йилдан бошлаб Ўзбекистон республика ҳудудида аудиовизуал маҳсулотни яратишда компанияларнинг харажатларини қисман қоплаб беради (20% гача). Телекўрсатувларнинг Ўзбекистон ҳақидаги сонларини яратиш учун машҳур телеканаллар ва кўрсатувларнинг («Top Gear», «Вокруг света», «National Geographic») вакиллари  жалб этилади.  

“Ўзбекистон туристик магистрали” ташкил қилинмоқда. Ушбу транспорт коридори Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Мўйноққача чўзилади. Мазкур транспорт коридори бўйлаб автомагистрал йўллар ва йўл бўйидаги инфратузилма ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳга бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилик қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.