Энг яхши ижтимоий ролик танлови эълон қилинди
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фейк-ньюс бўйича ижтимоий видеороликлар тайёрлашга танлов эълон қилади. Лойиҳанинг мақсади одамларни фейк янгиликлар мавжудлиги ва улар туғдирадиган хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантириш, уларга реал воқеалар ва фойдали ахборот ёрдамида бундай янгиликларнинг таҳдидини англаш муҳим эканини кўрсатишдан иборат.
Фейк янгиликлар ахборот оқимининг бир қисмига айланиб бўлди, улар ижтимоий воқеликни конструкциялашга деструктив таъсир кўрсатади. Танлов “Ижтимоий манфаатларга амал қилинишини таъминлаш учун ўзбек ОАВнинг салоҳиятини кучайтириш – II Фаза” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Ушбу лойиҳа Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштирилади. Лойиҳа фейк янгиликларнинг одамлар онги, муносабатлари ва хатти-ҳаракатларига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олишга қаратилган.
Шу муносабат билан ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси танловда барча манфаатдор номзодларни қатнашишга чақиради.
Танлов шартлари:
• Аризалар юридик шахслардан қабул қилинади;
• Номзодлар ариза шаклини тўлдириши ва уни қуйидаги электрон почтага юбориши керак: tashkent(at)unesco.com
Ижтимоий роликда қуйидаги мезонларга амал қилиниши лозим:
• Ролик хронометражи – кўпи билан 3-4 дақиқа;
• Ролик маҳаллий телевидение ва интернет-ҳудуд аудиториясига мўлжалланган бўлиши керак;
• Роликда ўз ҳаётида фейк янгиликлар билан боғлиқ тажрибага эга бўлган кишиларнинг реал ҳаётлари акс этиши зарур;
• Роликда янги медиа воситалар, форматлар ва технологиялардан фойдаланилиши лозим;
• Ролик фейк янгиликларнинг моҳияти, белгилари ҳамда кишилар онги, муносабатлари ва хатти-ҳаракатига таъсир кўрсатиш воситалари ҳақида аниқ тасаввур бериши керак;
• Роликда фейк контентни таниб олиш учун зарур бўлган ҳаракатларнинг аниқ алгоритми берилиши зарур;
• Ролик ўзбек тилида бўлиши лозим (рус тилидаги субтитрлар билан)
Ариза бериш муддати: 2019 йил 7 октябрь
Шарҳлар