“Евроцемент груп” компаниясининг “Оҳангаронцемент”ни давлат мулкига айлантирилиши ҳақидаги апелляцияси сентябрда кўриб чиқилади
Сентябрь ойи ўртасида Ўзбекистон Олий хўжалик суди Россиянинг “Евроцемент груп” томонидан назорат қилинувчи “Оҳангаронцемент” ОАЖ акциядорларининг корхона хусусийлаштирилишини ҳақиқий эмас деб тан олиш тўғрисидаги қарорга қарши берилган апелляцияни кўриб чиқади, дея хабар беради “РАПСИ”.
Бундан олдин “Евроцемент” Ўзбекистондаги ўз заводи давлат тасарруфига ўтказилиши ҳақидаги суд қарорига эътироз билдираётгани ҳақида маълум қилинганди.
«Апелляция кўриб чиқиш учун қабул қилинди, суд мажлиси сентябрь ойи ўртасига белгиланади», – дейди агентлик суҳбатдоши кўриб чиқиш санасига аниқлик киритмаган ҳолда. Шунингдек у айни пайтда томонлар ушбу можарони муроса йўли билан ҳал қилиш вариантини ҳам кўриб чиқаётганини айтди, аммо музокаралар жараёнининг тафсилотларини ошкор этмади.
21 июль куни Тошкент вилоят хўжалик суди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Оҳангаронцемент”ни 1994 йил август ойида хусусийлаштириш якунлари ноқонуний деб тан олиниши ҳақидаги даъвони қондирган эди. Шунингдек суд томонидан корхона мулки ва банк ҳисобрақамларини хатлаш тўғрисида қарор ҳам чиқарилган.
Бундан олдин бозор иштирокчилари корхонанинг давлат тасарруфига ўтказилиши тўғрисидаги қарор жуда тез қабул қилингани, сўнгги пайтларда цемент заводида кутилмаган текширувлар ўтказилаётганини кўрсатганди. Шу йил баҳорида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва молия органлари ҳақиқатан ҳам корхонани режадан ташқари текширувдан ўтказган. Унинг натижалари бўйича қонунбузарликлар аниқланмаган.
Қайд этиб ўтамиз, 2006 йил август ойида «Евроцемент групп» Швейцариянинг “Zeromax GmbH” компаниясидан ўзбек цемент заводи акцияларининг 75,6% сотиб олган. Айни пайтда Россия компанияси корхона акцияларининг 83,92% га эгалик қилмоқда, миноритар акциядорларга эса акцияларнинг 16,08% тегишли.
Шарҳлар