“Ўзбекистон” ҳаракатининг экстремистлари 200 та паспортни қалбакилаштирди
Москвада қалбаки ҳужжатларни тайёрлашда гумон қилинаётган “Ўзбекистон” ислом ҳаракатининг аъзолари қўлга олинди.
РФ ИИВ матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Россия ИИВ ЖҚББ ходимлари пойтахт жиноят қидирув бўлими ходимлари билан биргаликда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш давомида Москва шаҳрининг Ясенево туманида келиб чиқиши Ўрта Осиёлик бўлган чет эл фуқаролари истиқомат қилаётган манзилни аниқлаган.
Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу шахслар Тожикистонда тақиқланган “Ўзбекистон” ислом ҳаракати ташкилотининг аъзолари бўлиб, улар радикал исломни тарғиб қилади. Москвада улар қалбаки паспортлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш билан шуғулланган.
Хусусан, Ясеневода ўтказилган тинтувлар жараёнида 200 дан ортиқ Россия Федерацияси фуқаросининг паспорти, 15 та чет эл паспорти, 40 дан ортиқ хориж давлатлари фуқароларининг паспортлари олиб қўйилган.
Мазкур факт бўйича жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда ноқонуний фаолият бўйича қўшимча ҳолатлар аниқланмоқда.
Шарҳлар