Тожикистонда трансосиё газ магистрали қурилиши бошланди

Тожикистонда трансосиё газ магистрали қурилиши бошланди

13 сентябрь куни Тожикистоннинг Рудакий туманида (Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти билан чегарадош) “Марказий Осиё-Хитой” давлатлараро газ қувурининг Тожикистон участкасида қурилиш ишларининг бошланиш маросими ўтказилди, дея хабар беради 12news.uz.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг сўзларига кўра, ушбу газ қувури “Марказий Осиё-Хитой” газ қувурлари тизимида тўртинчи ва энг қисқа тармоқни ташкил этади.

 «Бошқа учта тармоқдан фарқли ўлароқ, у бир минг километрга қисқа. Газ қувури Туркманистондан Хитойга Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳудуди орқали ўтади, қувурнинг Тожикистондан ўтадиган қисми энг узун бўлиб, у 400 километрдан ошади. Тожикистон ҳудудидаги газ қувурининг қурилиши уч йил давомида амалга оширилади ва у умумий узунлиги 76 км дан иборат қирқ еттита туннел қурилишини кўзда тутади. 24 та ҳолатда қувур сув остидан ўтади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг мамлакат ҳудудидаги умумий қиймати $3,2 млрд ни ташкил этади», – дея иқтибос келтиради Тожикистон раҳбарининг сўзларидан «Ховар» миллий ахборот агентлиги.
 
Шунингдек Тожикистон президенти Хитой миллий газ корпорацияси қисқа муддат ичида Тожикистон жанубида газ қазиб чиқариш ишларини бошлашига ҳам умид билдирди.
Бундан олдин 2013 йил сентябрда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити давомида Тожикистон ва Хитой ўртасида Туркманистондан Тожикистон ҳудуди орқали Хитойга газ қувурини тортиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланган эди.

2014 йил март ойида эса “Тожиктрансгаз” ОАЖ ва Хитой Миллий нефть-газ корпорациясининг (CNPC) шўъба компанияси Туркманистон-Ўзбекистон-Тожикистон-Қирғизистон-Хитой газ қувури қурилиши лойиҳаси доирасида газ қувурининг тўртинчи тармоғини (D тармоғи) бошқариб турадиган қўшма компанияни ташкил этиш тўғрисида битим имзолади. Тожикистон лойиҳада транзитчи мамлакат сифатида чиқмоқда. Ушбу газ қувури орқали йилига тахминан 25-30 млрд кубометр газ ўтади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.