Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги миллий хавфлар
Жорий йилнинг 22-23сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуртураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан ҳамкорликда жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида Молиявий чоралар бўйича мақсадли ҳукуматлараро гуруҳ ФАТФнинг янги тавсияларида кўрсатилган жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида миллий хавфларни баҳолаш мавзусида халқаро семинар ўтказилди, дея хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.
Ушбу семинарда жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг вакиллари ва молиявий разведка соҳасида юқори тажрибага эга бўлган бир нечта хорижий давлатларнинг халқаро экспертлари билан бир қаторда, республикамиздаги тегишли вазирлик ҳамда мутасадди идораларнинг мутахассислари иштирок этди.
Семинар ўтказилишдан асосий мақсад жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш сохасидаги таҳдидларни миллий баҳолашда ФАТФнинг янги тавсияларида кўрсатилган чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш борасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда мазкур масала юзасидан мунозара олиб боришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 21 апрелдаги «Молия-иқтисодий, солиқ соҳасидаги жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича вазифалар юклатилди.
Шу муносабат билан Департамент томонидан жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ахборотлар айирбошлаш соҳасида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ҳамда халқаро-ихтисослашган ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки мамлакатимизда ФАТФнинг янги тавсияларини ўрганиш ва тадбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 майдаги Фармойиши билан тузилган идоралараро комиссия томонидан ушбу йўналишда муайян ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимининг самарадорлиги халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган. Жумладан, Базел бошқарув институтининг рейтингида Италия, Испания, Канада, Жанубий Корея ва АҚШ давлатлари қаторида Ўзбекистон Республикаси ҳам ўз жойига эга бўлиб, жиноий даромадларни легаллаштириш хавф хатари паст мамлакатлар сирасига киради.
Халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири бу – умумэътироф этилган халқаро стандартларга асосланган жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини шакллантириш ҳамда мазкур жиноятларга қарши курашиш жараёнида ҳаракатларни бирлаштиришдир.
Жиноятчилик фаолиятида янги усуллар ва замонавий технологияларнинг қўлланилиши, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасига жалб қилинган мутахассислардан жиноятларни содир этиш услубларини чуқур ўрганиш асосида бу қилмишларга қарши курашиш чораларини доимо такомиллаштириб боришни ҳамда мамлакат иқтисодиётини ушбу таҳдидлардан ҳимоя қилишни талаб этади.
Шарҳлар