Ўзбек генерали Афғонистон вице-президенти қилиб тайинланди
Душанба куни Афғонистон пойтахтида янги президент Ашраф Ғани Аҳмадзайни инаугурациялаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради “ИТАР ТАСС”.
Афғонистон Олий суди раиси томонидан бажарилган инаугурация маросимидан сўнг Ашраф Ғани Аҳмадзай ижроия ҳокимияти раҳбари лавозимини таъсис этиш тўғрисидаги фармонни имзолади ва янги бош вазирни қасамёдга келтирди. Янги бош вазир Абдулла Абдулла президент билан биргаликда Афғонистоннинг фаровонлиги учун хизмат қилишга омма олдида ваъда берди.
Шунингдек маросим давомида Афғонистон вице-президенти Абдул Рашид Дўстум ҳам қасамёдга келтирилди. У “Афғонистоннинг миллий манфаатлари ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш”га тантанали равишда қасам ичди.
Эслатиб ўтамиз, матбуотда таниқли генерал ва сиёсатчи Абдул Рашид Дўстумни асосан “ўзбек генерали” деб аташади. Унинг отаси афғонистонлик ўзбек, онаси эса туркман. Бу ҳолатга ишора қилган ҳолда, матбуот анжуманларидан бирида президент Ислом Каримов “Бизда миллати корейс генерал бор, биз ҳам уни корейс генерали деб аташимиз керакми?” деганди кулиб.
Олдин хабар берганимиздай, Дўстумнинг оиласи узоқ вақт Тошкентда яшади, ҳозир ҳам бу ерда унинг вакиллари бор. Шунингдек, генерал Душанбеда ҳам ўз маҳкамасига эга, унинг ходимлари мутназам равишда Россиянинг 201-Гатчина базаси зобитлари билан мулоқот қилиб туради.
Шарҳлар