TİKA раҳбари Ўзбекистонда бўлди
Туркия Республикаси Бош вазир девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идораси (TİKA) раҳбари Сердар Чам бошчилигидаги делегация 2014 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди.
Доктор Сердар Чам бошчилигидаги делегация аъзолари 2014 йил 25-26 октябрь кунлари қадимий Самарқанд ва Бухоро шаҳрига ташриф буюриб, бу ердаги тарихий обидалар, туристик ва бошқа диққатга сазовор жойларни катта қизиқиш билан кўздан кечиришди.
2014 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов томонидан қабул қилинган Сердар Чам, шу куни TİKA кўмаги асосида Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институтида ташкил этилган Суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантация маркази ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ташкил этилган ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган Турк тили синф хонасини очилиш маросимида ҳам иштирок этди.
Сердар Чам Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондида ҳам бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини яна ҳам ривожлантириш ва ҳамкорликда кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек Сердар Чам 2014 йил 28-29 октябрь кунлари Урганч шаҳрида бўлиб ўтган «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги халқаро конференцияда ўз маърузаси билан иштирок этди, дея хабар беради “12news” нашри.
Шарҳлар