Германия Термиз аэропортини ижарага бериш муддатини узайтирди

Германия Термиз аэропортини ижарага бериш муддатини узайтирди

 “РИА Новости” тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Германия ҲҲК учун Термиз аэропорти базасидаги юк тушириш ва ортиш транспорт узелининг ижараси муддатини узайтирган.

«Иккала мамлакат мудофаа вазирликлари ҳаво узелининг ижараси муддатини узайтириш тўғрисидаги келишувни имзолади», — дейди агентликнинг суҳбатдоши. Шу билан бирга у ижаранинг янги муддати ва келишув тафсилотларига аниқлик киритишдан бош тортган.

Шу ўринда Ўзбекистон ҳарбий бўлмаган юклар транзити учун Термиз чеккасидаги фуқаролик аэропортини 2001 йил охиридан буён ГФР ҳарбий ҳаво кучларига ижарага бераётганини қайд этиш жоиз. Расмий ижара шартномаси 2002 йил февралида имзоланган. 2010 йил апрелида эса ушбу аэропортдан фойдаланиш бўйича янги битим имзоланган бўлиб, унинг муддати 31 октябрда тугади.

Бундан олдин “РИА Новости” агентлигининг суҳбатдошлари Германия томони битимни яна тўрт йилга узайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаганди. Шунингдек, ОАВ ушбу объект инфратузилмасини яхши ҳолатда ушлаб туриш учун Ўзбекистон томони ижара ҳақини оширишни таклиф қилаётганини ҳам маълум қилганди.

Қайд этиб ўтамиз, Термиздаги базада 300 га яқин Бундесвер аскари ўрнашган. Германия аэродромдан фойдаланишни бошлагандан буён асосан ундаги учиш-қўниш полосаларини модернизация қилишга 12 млн. евро маблағни йўналтирди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча ушбу вазиятга расмий изоҳ бергани йўқ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.