2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили

2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 2015 йил «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилинди, дея хабар беради “Кун” нашри.

5 декабрь куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2014 йил сарҳисобига бағишланган нутқ сўзлади.

Конституция кунига бағишланган маросим давомида 2015 йил номи эълон қилинди. Президент ташаббуси билан кейинги йил «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилинди. 2014 йил эса «Соғлом бола йили» номи остида ўтган эди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда 1997 йилдан бери ҳар бир йилга, жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларида чуқурлаштирилган ўзгаришлар, ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида, ном берилиб келинади. 1997 йил «Инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинган бўлса, ХХI асргача бўлган йиллар «Оила йили» (1998), «Аёллар йили» (1999), «Соғлом авлод йили» (2000) деб эълон қилинди. Ундан кейинги йиллар:

2001 йил «Оналар ва болалар йили»
2002 йил «Қарияларни қадрлаш йили»
2003 йил «Обод маҳалла йили»
2004 йил «Меҳр-мурувват йили»
2005 йил «Сиҳат-саломатлик йили»
2006 йил «Ҳомийлар ва шифокорлар йили»
2007 йил «Ижтимоий ҳимоя йили»
2008 йил «Ёшлар йили»
2009 йил «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили»
2010 йил «Баркамол авлод йили»
2011 йил «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили»
2012 йил «Мустаҳкам оила йили»
2013 йил «Обод турмуш йили»
2014 йил “Соғлом бола йили».
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.