Оқсаройда Ўзбекистоннинг юксак мукофотлари топширилди

Оқсаройда Ўзбекистоннинг юксак мукофотлари топширилди

Президентимиз Ислом Каримов 5 декабрь куни Оқсаройда бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.  

Ўзбекистон раҳбарининг фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Оқсаройда 5 декабрь куни ана шу юксак мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

“Бугун сизларнинг ҳар бирингиз учун ҳақиқатан ҳам унутилмас кун, қутлуғ айём,– Ватанимизнинг сизларга берилган нуфузли мукофотлари халқимиз, давлатимизнинг барчангизга билдирган юксак ишончидан, олийжаноб меҳнатингиз муносиб қадр топганидан далолат беради”, – деди Ислом Каримов.

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққан Ўзбекистон Қаҳрамони, Қамаши туманидаги «Бозор ўғли Абди» фермер хўжалиги бошлиғи Абдимурод Бозоров, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази бўлим мудири Зайниддин Низомхўжаев, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Республика Маънавият тарғибот марказининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Шарап Уснатдинов, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Иқбол Мирзо, “Дўстлик” ордени соҳибаси, гимнастика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабининг бадиий гимнастика бўйича мураббийи Татьяна Роговая, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонандаси Озодбек Назарбеков давлатимизнинг ушбу юксак мукофотлари бундан буён ҳам Ватан тараққиёти йўлидаги фидокорона меҳнатни янада юқори суръат ва шижоат билан давом эттиришга ундашини, янги марраларни эгаллашга илҳомлантиришини таъкидладилар, юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимиз Ислом Каримовга самимий миннатдорлик билдирдилар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.