Алишер Усмонов мукофотни эгасига қайтаради

Алишер Усмонов мукофотни эгасига қайтаради

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Нью-Йоркдаги “Christie's” аукционида америкалик олим Жеймс Уотсоннинг Нобель мукофотини сотиб олди. Энди у ушбу мукофотни олимнинг илм-фан соҳасидаги ютуқларига ҳурмат белгиси сифатида ўзига қайтармоқчи, дея хабар беради “РБК”.

Бу мукофотни меросхўрлар эмас, балки соҳибининг ўзи сотган тарихдаги биринчи воқеадир. 86 ёшли Уотсон бу маблағни хайрия ишларига сарфлаш ниятида.

Хусусан, маблағлар “Cold Spring Harbor” лабораториясига, Чикаго университети ва Кембриж университетининг коллежларидан бири бўлган “Clare College”га ҳамда хайрия ташкилотларига ўтказилади.

Қайд этиб ўтамиз, 1962 йили физиология ва тиббиёт соҳасидаги ютқлари учун берилган ушбу мукофот 4,757 миллион долларга сотилган.

Усмоновнинг вакили берган маълумотга кўра, миллиардер олимнинг тиббиёт соҳасидаги кашфиётлари, айниқса саратон касалликлари соҳасидаги тадқиқотлари билан боғлиқ кашфиётларига қойил қолган, чунки унинг отаси Бурхон Усмонов шу касалликдан вафот этган.

Уотсон бу мукофотга Фрэнсис Крик ва Морис Уилкинс билан биргаликда ДНК молекуласи тузилмасини кашф қилгани учун сазовор бўлган. У Нью-Йоркдаги “Cold Spring Harbor” лабораториясида саратон генетикасини тадқиқ қилган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.