Таълим олиш учун Россияга минглаб зобитлар юборилади, Ўзбекистонга эса ҳарбий техника келади
Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари бўйича ҳарбий-техника соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича жиддий келишувларга эришилди, дея хабар беради “Россия 24” канали.
Маълумотларга кўра, келаси йилдан бошлаб Россиядан Ўзбекистонга янги турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб берилади. Техникага хизмат кўрсатувчи ва ундан фойдаланиш бўйича маслаҳат кўмагини амалга ошириш учун мутахассислар (инструкторлар) келиши ҳам кутилмоқда.
Бундан ташқари, 2015 йилдан Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳарбий олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун квота 6 баробарга, яъни 3 минг кишигача кўпайтирилади. РФнинг фуқаролик олий ўқув юртларида ҳам ўзбекистонликлар учун грант ўринларининг сезиларли даражада ошиши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 10 декабрь куни В.Путин Тошкентга расмий ташриф билан келган эди. 13 декабрь куни эса Ўзбекистон ва Россия президентларининг телефон суҳбати давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Фотосурат: «Россия сегодня».
Шарҳлар