Россия президенти Ўзбекистонга келди

Россия президенти Ўзбекистонга келди

Бугун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди.

Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кутиб олди, дея хабар беради ЎзА.

Қисқа мулоқотдан сўнг Россия делегацияси Кўксарой мажмуида ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. 
 
Ислом Каримов ва Владимир Путин учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашадилар. 

РФ президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, учрашув якунлари бўйича тўртта ҳужжатни имзолаш кўзда тутилган: Ўзаро молия талаблари ва мажбуриятларини тартибга солиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув, 2015-2019 йилларда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги келишув, Ноқонуний айланмадан олинган гиёҳванд моддалар ва психотроп воситаларни тадқиқ қилиш натижалари билан ўзаро алмашув тўғрисидаги идоралараро баённома ҳамда 2015 йилда Россия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури. Ушаковнинг таъкидлашича, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни имзолаш ташаббуси шахсан Ислом Каримовга тегишли, дея хабар беради ТАСС.

Ҳужжатларни имзолаш маросимидан сўнг давлатлар раҳбарлари матбуот учун баёнот беради. Ташриф дастури расмий тушлик билан якунланади, кейин Россия президенти Ҳиндистонга йўл олади.

Фотосурат: http://www.vesti.ru

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.