Ўзбекистонлик аёл Россияга опасининг паспорти билан жўнаган
Россиянинг Астрахан областида Ўзбекистон Республикасидан келаётган “Лада-Ларгус” автомобилидаги йўловчилар чегарада расмийлаштирилаётган пайтда Ўзбекистон фуқароси паспортини тақдим этган аёл чегарачиларнинг эътиборини тортади.
Ўтказиш пункти назоратчилари йўловчи аёл бошқа кимсанинг паспортини тақдим этганини билиб қолади. Паспорт бўйича аёлнинг ёши 48 да бўлган, бироқ ҳақиқий ёши анча кичикроқ экани маълум бўлади.
Сўроқ жараёнида аёлда фақат ҳозир амалда бўлмаган СССР паспорти ва Ўзбекистон Республикасида истиқомат учун гувоҳнома борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, СССР паспортининг ўрнига янгиси берилаётган пайтда аёл янги Ўзбекистон паспортини бориб олишга вақти ва хоҳиши бўлмаган. Ҳозир унинг расмий мақоми – фуқаролиги йўқ шахс.
Пул ишлаш мақсадида Россияга боришга қарор қилган аёл ўзидан 10 ёш катта опасининг паспортидан фойдаланади.
Энди аёл Россияда ишга жойлашиш ўрнига РФ ЖКнинг 322-моддаси 1-қисми бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича (Россия Федерацияси Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) суриштирув ишлари якунлангунига ва иш судга берилгунига қадар тергов изоляторида сақланади. Қонун бўйича ушбу жиноят учун икки йилгача озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазо кўзда тутилган, дея хабар беради Россиянинг Қалмиқ Республикаси ва Астрахан области бўйича ФХХ Чегара бошқармасининг матбуот хизмати.
Шарҳлар