Адлия вазирлиги мухолифот партия вакиллари билан учрашувга изоҳ берди
10 январь куни Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов Отаназар Орипов бошчилигидаги “Эрк” мухолифот партиясининг вакилларини қабул қилди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Адлия вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Маълумотларга кўра, Русланбек Давлетов “Ўзбекистон ҳудудида “Эрк” номли партия мавжуд эмаслигини ва унинг фаолиятини тиклаш учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқлигини” тушунтирган.
Бундан олдин ушбу учрашув ҳақида “Озодлик” радиоси хабар берганди. Учрашувда Отаназар Ориповдан ташқари Аъзам Турғунов, Салавот Умрзоқов, Ҳамидулла Нурматов ва Санжарали Имомовлар ҳам қатнашган.
“Озодлик” тарқатган хабарга кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов шундай деган: “Русланбек Давлетов бизнинг фикрларимизни диққат билан тинглади, аммо учрашув давомида бизга партия ҳақида унутишимиз кераклигини айтди”.
«Унинг айтишича, бу партия ўтмишда қолган, у ҳақда унутинглар. “Эрк” демократик партиясининг устави Адлия вазирлиги томонидан 1991 йил 3 сентябрда рўйхатдан ўтказилган. Бугунги кунга қадар партия ёпилгани ёки тугатилгани ҳақида суд қарори, бирор-бир бошқа ҳужжат мавжуд эмас. Шу муносабат билан биз вазирдан партиямиз фаолиятини давом эттиришга рухсат беришларини сўрадик. Аммо вазир 1991 йилда қабул қилинган ҳужжат ўз кучини йўқотганлигини айтиб, бизга эътироз билдирди. Аммо энг асосийси шуки, мухолифот ва ҳукумат ўртасида мулоқот бошланди. Мен бу мулоқотнинг тикланишини қўллаб-қувватлайман. Охирги марта адлия вазири “Эрк” партияси раҳбарияти билан 1997 йилда учрашган эди», — дейди у.
Шарҳлар