«Биз ҳукмни қайта кўриб чиқишга чақирамиз» – «Чегарасиз репортёрлар» Отабек Сатторийга чиқарилган ҳукм ҳақида

 «Чегарасиз репортёрлар» (RSF) ташкилоти Отабек Сатторийга чиқарилган ҳукмдан ҳайрон. Ташкилотнинг қайд этишича, суд ушбу айблов ҳукмини бекор қилиши ва уни айбсиз деб тан олиши керак. 
 
Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

«Отабек Сатторийга қарши илгари сурилган  сохта айбловлар маҳаллий коррупцион жанжалларни яширишга ва танқидчиларни қўрқитишга интилиш мавжудлигидан далолат беради. Биз ҳукуматни ушбу блогерга чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқишга ва зудлик билан ҳеч қандай шартларсиз уни озод этишга чақирамиз», – дейди RSFнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Жанна Кавелье.

Ташкилотнинг қайд этишича, “термизлик блогер Беҳруз Неъматов 2 апрель куни кундузи шахси аниқланмаган кишилар томонидан ўғирлаб кетилган, уни тўрт соат ушлаб туришган ва Сатторий иши бўйича жараённи ёритишини тўхтатишини талаб қилган ҳолда резина дубинка билан уришган”.

Anhor.uz Бош прокуратурада Беҳруз Неъматовнинг иши бўйича изоҳ ололмади.

Шу ўринда Ўзбекистон RSFнинг 2021 йил учун жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида бир ўрин пастга тушганини ва ҳозир 180 та мамлакат ичида 157-ўринни эгаллаб турганини таъкидлаш жоиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.