Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинди
Жиноят ишлари бўйича Музрабод туман суди блогер Отабек Сатторий иши бўйича ҳукмни эълон қилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар беради.
О. Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Ашёвий далил деб эътироф этилган 1 дона “Vivo-X50” русумли уяли телефон аппарати қонуний эгаси Л. Тўраевга, 1 дона “Redmi 5+” русумли уяли телефон аппарати ва 1 дона “Zotac” русумли компьютер процессори қонуний эгаси судланувчи О. Сатторийга қайтарилиши белгиланди.
Қайд этиб ўтамиз, 2021 йил март ойи бошида Сурхондарё вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси блогерга ўта йирик миқдорда такрор таъмагирлик қилиш, туҳмат қилиш ва ҳақорат қилиш айбини қўйганди. Тергов тахминларига кўра, Сатторий 2020 йил июнь ойидан 2021 йил январь ойигача моддий манфаат олишга уринган ҳолда саккиз кишига қарши “таъмагирлик, туҳмат ва ҳақорат каби жиноятларни содир этган”.
Сатторий телефон ундириб олишда гумон билан 30 январь куни уйининг ёнида қўлга олинди. Ўша куни суд блогерни ҳибсга олди ва туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш ва ёлғон маълумотларни тарқатиш ҳақидаги модда бўйича 9,8 млн сўмга жаримага тортди. Тергов маълумотлари бўйича 2020 йил декабрь ойида Сатторий телефонга «Чинора Гул барака» бозорининг “камчиликлари” ҳақида видео олган. Ижтимоий тармоқларда чоп этиш билан таҳдид қилиб, бозор хўжайинидан унга янги телефон харид қилишни талаб қилган. Блогернинг отасининг таъкидлашича, Отабек бозорга ярмаркани суратга олишга келган, унда озиқ-овқат маҳсулотларини арзон нархларда сотишлари керак бўлган, аммо назоратчилар ундан телефонини олиб қўйган. Сатторийнинг оиласи жиноий таъқибни блогер маҳаллий ҳокимиятни танқид қилгани, бозордаги олиб сотарлик фактларини ёритгани билан боғламоқда.
Ўзининг Xalq Fikri ютуб-каналида Сатторий йўллар қурилишидаги бузилишлар, янги туманда сув ва электр энергияси йўқлиги ҳақида ҳикоя қилган. Шунингдек Сатторий ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобловчи маҳаллий аҳоли ҳақидаги ҳикояларни чиқарган.
Фотосурат: Отабек Сатторий / Facebook
Шарҳлар