БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Ўзбекистонга ташриф буюради
БМТ Бош котибининг ёрдамчиси, БМТТД администраторининг ёрдамчиси ва Европа ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги учун Минтақавий бюро директори Мирьяна Сполярич Эггер 14-16 июнь кунлари Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига БМТТДда маълум қилишди.
«Сполярич Эггер ўз ташрифи давомида БМТТД ва ҳукумат ўртасидаги янги ҳамкорлик соҳаларини муҳокама қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг, айниқса COVID-19 пандемияси фонида ижтимоий йўналтирилган, яшил ва барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш борасида БМТТДнинг ҳамфикр эканини тасдиқлаш учун Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали шахслари ва ҳамкорлари билан учрашади».
15 июнь куни Сполярич Эггер Марказий Осиё ва Афғонистонда аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Форумда қатнашади, ундан кейин эса иш билан банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича “Ишга марҳамат” мономарказига ускуналар тақдим этиш маросимида иштирок этади.
Бундан олдин Мирьяна Сполярич Эггер Ўзбекистонга 2019 йилда ташриф буюрганди.
Фотосурат: БМТТД
Шарҳлар